Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди
2084
Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 20 июлдаги “Тошкент вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилишини ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3142 сон қарори Тошкент вилоятида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни янада жадаллаштириш, вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди

Айниқса мазкур қарор билан Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб,  собиқ Тўйтепа, ҳозирги Нурафшон шаҳрини белгилаш ташаббуси давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳам қизғин қарши олинди.

Чунки, тан олиш керак, вилоят божхона бошқармасининг аввалги жойлашув нуқтаси ҳам, маъмурий биноси ҳам замонавий божхона стандартлари ва тадбиркорларимизнинг манфаатидан келиб чиқилса, туб ўзгаришларга, ислоҳотларга очиғи муҳтож эди.

Бундан атиги икки йил аввал эзгу ниятлар билан Нурафшонда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг янги маъмурий биносига илк тамал тоши қўйилган эди. Ўтган қисқа фурсат давомида кўзни қувнатадиган, замонавий божхона стандартларига тўла жавоб берадиган маъмурий бино бунёд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида куни кеча мазкур бинонинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир Давлат божхона қўмитаси Раҳбарияти, Тошкент вилояти ҳокимлиги, турли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, божхона фахрийлари ва шахсий таркиб иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар янги маъмурий бинони сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари асосида божхона соҳасидан амалга оширилаётган изчил ва улкан ислоҳотларнинг ёрқин намунаси сифатида эътироф этишди. 

Ниҳоят рамзий ленталар қирқилди.

Эндиликда Тошкент вилояти божхона бошқармасидан туриб барча ташқи иқтисодий фаолият ва чегара-божхона постларидан вазиятни кузатиб бориш ва ўзаро ахборотлар алмашиш янада такомиллашди. Божхона объектларидаги юзлаб, минглаб видеокузатув камералари бу ерда ягона нуқтага жамланади ва тасвирларни исталган вақт ва масштабда кузатиб бориш мумкин.

Ситуацион марказ эса хорижий давлатлар божхона хизматларининг илғор тажрибаларига асосланган замонавий ахборот технологиялари ва имкониятлардан, шунингдек таҳлил усулларидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимида божхона объектларини кенг миқёсда масофадан туриб бошқариш имконини беради.  Энг муҳими, буларнинг барчаси божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларига ҳамда тадбиркорнинг ташқи иқтисодий фаолиятига аралашмаган ҳолда амалга оширилади.

Истиқболда мазкур Марказ божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишини рақамли технологияларни қўллаган ҳолда янги замонавий босқичга олиб чиқади ва трансчегаравий жиноятларга, айниқса, наркотикларнинг контрабандасига самарали тўсиқ бўлиши кутилмоқда.

Жорий йилги Давлат дастуридан келиб чиқиб ҳамда божхона назорати тартиб-таомилларини такомиллаштиришда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, мақсадида бошқармада «Масофавий электрон декларациялаш божхона пости» синов тариқасида ишга туширилди.

Шу куни очилиш маросими бир гуруҳ божхона ходимлари учун қўшалоқ байрамга айланди. Эндиликда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг шундоқ ёнгинасида божхона ходимлари учун хизмат уйи ҳам қуриб, фойдаланишга топширилди. Эндиликда 36 нафар божхона ходимлари шаҳардагидан қолишмайдиган замонавий ва қулай хонадонларда истиқомат қилишади.

Тантанали тадбирда хизмат уйларининг калитлари ҳам хонадон соҳибларига топширилди.

Шунингдек, янги маъмурий бинонинг мажлислар зали илк тадбирга мезбонлик қилди. Бу ерда божхона тизимда узоқ йиллар хизмат олиб борган ва республикамизнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган божхона фахрийлари билан божхона ходимларининг “Уч авлод учрашуви” ташкил қилинди.

Учрашувда Давлат божхона қўмитаси Раиси Муротжон Азимов сўнгги йилларда тизимда Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган ўзгаришлар, соҳага тадбиқ қилинаётган илғор ва инновацион технологиялар, эришилган ютуқ ва натижалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Тизимда ислоҳотларни изчил ва самарали амалга оширишда, ёш авлодни Ватанга ва бурчига садоқат руҳида тарбиялашда божхона фахрийларининг кўп йиллик билим ва тажрибасига таяниш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунида божхона фахрийларига Давлат божхона қўмитасининг эсдалик совғалари топширилди.

Шу куни фахрийлар учун байрам дастурхони тортилиб, концерт дастури намойиш қилинди.

24.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг