Ҳатто давлатларнинг контрафакт маҳсулотларга қарши қаратилган сиёсати ҳам қалбакилаштиришнинг олдини олиши қийин бўлиб бормоқда. Бутун дунёда аҳоли сони йилдан йилга кўпаймоқда. Аҳоли сони ошгани сари инсонларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби ортиши контрафакт товарларга кенг йўл очмоқда. Бу ҳар бир мамлакат иқтисодиётига жиддий молиявий зарар етказади. Мамлакат ҳудудига сифатсиз товарларни кириб келишини олдини олиш, аҳолини қалбаки контрафакт товарлардан ҳимоя қилиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, Европада сотиладиган тамаки маҳсулотларининг тахминан 10 фоизи сохта ёки контрабанда маҳсулотлари ҳисобланади, бу фуқаролар соғлиғи учун жиддий зарарли бўлибгина қолмай, катта молиявий зарарни ҳам келтириб чиқаради. Ноқонуний савдонинг асосий қисми акциз маркалари фалсификацияси ва лицензиялари билан боғлиқ. Ноқонуний алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, ноқонуний равишда ишлаб чиқариладиган, рўйхатга олинмайдиган, давлат органлари томонидан қайд этилмайдиган ва солиққа тортилмайдиган, аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган энг кўп товарлар турига киради. Дунё мамлакатларининг божхона органлари акциз маркали товарлар учун алоҳида божхона назорати шаклларини жорий этишган.
Ўзбекистон Респубиликаси божхона органлари тизимида ҳам бу борада тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23 июль 2020 йил “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини тартибга солиш соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-6033-сон Фармони қабул қилинган. Мазкур Фармонга кўра:
- истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг айланмаси ҳажмларини, шу жумладан замонавий ахборот тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш орқали мониторинг қилиш;
- истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник ва технологик нормаларга риоя этилиши ҳамда сақланиш сифатини, шу жумладан уларни ишлаб чиқаришда қўлланиладиган хомашё ва ёрдамчи материаллар сифатини назорат қилиш механизмлари белгилаб қўйилди.
Маҳсулотларни идентификация воситалари орқали маркировкалаш ва уларнинг айланмасини кузатиб бориш қоидаларини белгилаш ҳамда айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республкаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 833-сонли “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор талабларига кўра маҳсулотларни рақамли идентификациялаш йўли билан маркировкалаш, шу жумладан, рақамли идентификациялаш воситаларини қўллаш ва шакллантириш, мажбурий маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотлар айланмаси ҳақидаги маълумотларни маркировкалаш ахборот тизимига киритиш мақсадида, Рақамли маркировкалаш ва кузатиш миллий ахборот тизими операторига тақдим этиш тартиби ишлаб чиқилган. Ўзбекистон Респубиликасида товарларнинг рақамли маркаланиши ва реал вақт режимида кузатиш учун миллий тизимда товарларни рақамли маркировкалаш жараён қуйидаги босқичлардан иборат:
Товар айланмасининг иштирокчиси рақамли маркалаш бўйича ахборот тизимида рўйхатдан ўтади;
Ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи рақамли кодга буюртма беради ва маҳсулотга такрорланмас кодни қўллайди;
Рақамли кодга мувофиқ маркалаш коди маркалаш предмети ҳаракатланадиган бутун йўл занжирини заводдан истеъмолчига, муомалага киритилгандан товарларни муомаладан чиқаришга қадар реал вақтда назоратга олади. Товар ҳарид вақтида код сканердан ўтказилади сўнг маҳсулотни муомаладан чиқарилиши тўғрисидаги маълумотлар тизимга узатилади. Истеъмолчи товарларни рақамли маркалаш учун мобиль иловадан фойдаланиб, унинг қонунийлигини текшириши мумкин.
Рақамли ёрлиқлар корхоналарга иш унумдорлигини ошириш, логистика схемаларини такомиллаштириш, бозор улушини кўпайтириш ва асосийси даромадни кўпайтиришга имкон беради:
Контрабанда ва сохта маҳсулотлар улушини камайтириш орқали қонуний ишлаб чиқарувчилар ўз улуши ва ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиради;
Бизнес соҳасида "Just in time" тамойили асосида ишлаш имкониятига эга бўлади. Маҳсулотлар ҳаракати тўғрисида онлайн маълумот олгач, у ишлаб чиқаришни оптимал равишда режалаштиради, захираларни камайтиради ва маҳсулот айланмасини оширади, электрон ҳужжат айланиши ягона операторга уланишни таъминлайди, тадбиркорликда логистика ҳаражатларини сезиларли даражада тежайди, Бизнес бухгалтерия ҳисобини ўрнатади.
Ҳозирги кунда тадбиркорлар омборларда ва дўконларда захиралар ва маҳсулот тўғрисида маълумотларига эга эмас. Тегишли бухгалтерия ҳисоби бўлмаса, фойдани ҳисоблаш ёки сотиб олишни режалаштиришнинг иложи йўқ, шунинг учун автоматлаштириш келажакда тадбиркорларга ўз ишларида товарларни тартибга солишда ёрдам беради. Электрон ҳужжат айланишига тўлиқ ўтади. Қоғоз ҳужжатлар ҳажмини тубдан қисқартириш орқали тадбиркорлик харажатларини камайтиради ва меҳнат унумдорлигини оширади.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, мамлакатлар рақамли маркалаш лойиҳаларини бошлаш учун кўпинча хусусий секторларни жалб қилишган. Хитойда, бу Aлибабага тегишли бўлган “Alihealth”, Бразилияда Швейцариянинг “SICPA” компанияси, Россия Федерациясида “Илғор технологияларни ривожлантириш маркази”. Ўз маблағларини инвестиция қилиш орқали амалга оширади, бундай хусусий секторлар давлат бюджетига қўшимча юк келтирмайди.
Европа Иттифоқида акцизли товарлар маълумотлар алмашинуви тизимининг (System of Exchange of Excise Data (SEED)) иқтисодий операторларнинг реестрида тадбиркорлар ушбу акциз рақами ҳақиқийлигини ёки ушбу оператор қайси тоифадаги товарларга савдо қилиш ҳуқуқига эга эканлигини билиш учун онлайн тарзда маслаҳат олишлари мумкин. Акцизли товарлар маълумотлар алмашинуви тизими (System of Exchange of Excise Data (SEED)) EMCSнинг асосий таркибий қисмидир, чунки у аъзо давлатларнинг маъмуриятларининг тадбиркорларига акциз товарларини олиб ўтишга рухсат беришдан олдин божлар тўланмаган тақдирда товарларни тўхтатиб туриш имкониятини беради. Тизимининг функционал вазифаларидан бири акцизли товарлар ҳаракати ва бошқариш тизимининг (ЕМCС) таркибига кирадиган барча керакли маълумотларни ва жараёнларини таҳлил қилади ва ҳужжатлаштиради.
Тамаки маҳсулотларини рақамли маркировкалаш борасидаги Калифорния, Бразилия ва Туркия тажрибаси шуни кўрсатдики, Бразилия – бу дунёдаги асосий тамаки ишлаб чиқарадиган мамлакатлардан бири. Мамлакатда ҳар йили 5,3 миллрд. дона сигарета пакетларини ишлаб чиқарадиган 16 та компания мавжуд, улар 19 та ишлаб чиқариш саноат зоналарида жойлашган. 16 та турли хил сигарета машиналаридан фойдаланган ҳолда 145 та ишлаб чиқариш линиялари мавжуд. Ноқонуний маҳаллий ишлаб чиқаришга қарши курашиш учун Бразилия ўз ишлаб чиқарувчиларини лицензиялашга мажбур қилди. Қонунга риоя қилмаслик ёки солиқларни тўламаслик лицензияни қайтариб олишга ва заводнинг ёпилишига олиб келиши мумкин.
“Рақамли маркалаш” тизимини жорий этилиши натижасида бир йилда 9 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳаражатлар сарфлаган бўлса,
75 миллион АҚШ доллари қўшимча божхона тўловлари ундирилган. Тизим амалга киргандан буён, давлат органлари чакана савдо объектларини солиқ қонунчилигига риоя этилишини кузатиб боришди, уларнинг ҳисоботлари шуни кўрсатадики, контрафакт маҳсулотларни чакана савдо жойларида сохта маҳсулотларни сотадиган тадбиркорлар улуши камайган чунки рақамли маркировлардаги маълумотларни қалбакилаштириш ва маркадаги кодлар ўзгартириш мумкин бўлмайди.
Ўзбекистонда ҳам “Рақамли маркалаш” тизими давлат-хусусий шериклик шаклида яратилмоқда. Хусусий шерик - "CRPT TURON" МЧЖ товарларнинг рақамли маркалаши ва кузатилиши учун ахборот тизимини яратиш, ишлаши ва ривожланишини таъминлайди. Давлат солиқ қўмитаси -рақамли белгиларни мажбурий рақамлаштириш соҳасида ҳуқуқий тартибга солишни амалга оширади. Бу тизим нафақат тадбиркорларга, давлатга балки истеъмолчиларга ҳам фойда келтиради.
Истеъмолчилар сотиб олинган маҳсулотларнинг қонунийлиги, уларнинг ҳаёти ва саломатлиги учун хавфсизлигига шубҳа қилмаслиги учун “Махсус мобиль” иловалар орқали ҳар қандай фуқаро товарларни олдиндан текшириши ва аниқланган ноқонуний маҳсулотлар тўғрисида хабар бериши мумкин ва бу маълумотлар тегишли назорат органига ўтказилади.
Бозорда контрафакт ва контрабанда товарларнинг улушининг пасайиши туфайли товарларнинг рақамли маркалаш тизимида иштирок этадиган қонуний ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар даромаднинг кўпайишини ва рақобатбардошликни ўсишига олиб келади. Савдо мавсумийлиги, интенсивлиги ва географияси тўғрисидаги долзарб статистик маълумотларга асосланган ҳолда, маҳсулотларнинг ҳаракатини кузатиб бориш материаллар ва омбор захираларини оптималлаштириш имкониятига эга бўлади. Натижада харажатлар камаяди ва меҳнат унумдорлиги ошади. Стратегик товарларнинг рақамли ёрлиғи "Қора" бозорни қисқартиради, солиқ ва божхона тўловларини кўпайтиради.
Товар бозорларини назорат қилишни ташкил этиш харажатларини камайтиради.
Рақамли маркировкалаш тизимини жорий этилиши - қонуний импорт қилувчиларни ҳаражатларини камайтириб, маҳсулотлар таннархини арзонлаштиришга олиб келади. Импортёрлар ички бозорни мониторинг қилиш орқали, махсулотлар хажмини оширади ёки камайтиради. Бу бизнес жараёнларни оптималлаштириш ва харажатларни камайтириш имконини беради. Энг муҳими, “Рақамли маркалашни” жорий этилиши, товарларнинг бозордаги сохта маҳсулотлар улушининг пасайишига ва товарларнинг нархи 10 фоизга камайишига олиб келади.
Қ.Каримқулов
Божхона институти кафедра бошлиғи, т.ф.д., профессор,
Б.Қўзибоев
Божхона институти 4-курс курсанти
20.08.2021