Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Таҳлил ва сарҳисоб: Тадбиркорларга божхона тўловларидан 5,8 трлн. сўм имтиёзлар қўлланилди
1349
Божхона органлари томонидан мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона тўловларини ундириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда чек қўйиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Таҳлил ва сарҳисоб: Тадбиркорларга божхона тўловларидан 5,8 трлн. сўм имтиёзлар қўлланилди

Буни биргина Тошкент шаҳар божхона бошқармаси мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, 2021 йилнинг январь-июль ойлари мобайнида бошқарма томонидан 7,6 трлн. сўмлик божхона тўловлари ундирилиб, давлат бюджетига ўтказилишига эришилди.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан салкам 5 трлн. 833,6 млрд. сўм имтиёзлар берилди.

Имтиёз қўлланилган асосий товарлар таркибини транспорт воситалари ва унинг қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, фармацевтика маҳсулотлари, тиббиёт асбоб-ускуналари ҳамда маиший-техника ва уларнинг қисмлари ташкил этди.

Шунингдек, бошқарма томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 324,6 млрд. сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди.

Бу эса тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хорижга экспорт қилишни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилиб келмоқда.

Масалан, жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида 860,3 млн. АҚШ долларига тенг бўлган товарлар хорижий мамлакатлар бозорларига йўналтирилди.

Мазкур кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 114 млн. АҚШ $ ёки 15 фоизга ошди.

Товарлар 80 га яқин давлатларга экспорт қилинган бўлиб, асосий ҳамкор давлатлар Россия, Туркия, Хитой ва Қозоғистон давлатлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Экспорт қилинган асосий товарлар: металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, тўқимачилик, электроника ва уларнинг қисмлари, калава ип, озик-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари ҳисобига тўғри келади.

Божхона постларида жами 39 617 та божхона кўриги жараёнлари амалга оширилиб, 180 941 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.

Божхона юк декларацияларини Хавфни бошқариш ахборот тизими бўйича йўлаклар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, декларацияларнинг  48 576 таси, яъни (26,2 фоизи); “яшил йўлак”, 96 934 таси (48,8 фоизи) “сариқ  йўлак”, 44 504 таси  (25 фоизи)  “қизил йўлак” тартибида  расмийлаштирилган.

Бошқармада божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишини олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, контрабандага қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ҳисобот даврида 1397 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, натижада 173,6 млрд. сўмлик товар-моддий бойликларнинг вақтинча сақловга олинди.

Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 40,9 млрд. сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Бошқарма томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи  бошқа органлар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш йўналишида 33 кг. 572,12 гр., хусусан, 8020 дона “трамадол” гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Психотроп ва кучли таъсир этувчи, заҳарли ва заҳарловчи моддаларни ноқонуний айланиши билан боғлиқ 9 та  ҳолатда 842 дона  психотроп таблетка ва 2 кг. 97,13 гр. “прегабалин” моддаси ва 13187 дона “Зардекс” ва “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ушлаб қолинди.

Бундан ташқари, товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида 4 та  ҳолатда  1 млрд. 631,1 млн. сўмлик 93 880 қути тамаки маҳсулотлари, 24 та ҳолатда 4 млрд. 87,5 млн. сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, 24 та ҳолатда
32 млрд. 440,7 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларининг божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Бошқармада 7 ой давомида қилинган ишлар, аниқланган ҳолатлар, ўтказилган учрашувлар, сайёр қабуллар тарғиботи юзасидан маҳаллий ҳамда марказий телевидениялар, радио ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали жами 1235 маротаба чиқишлар амалга оширилди.

Келгусида ҳам қуйидаги йўналишлар бошқарманинг асосий стратегик йўналишлари бўлиб қолади:

  • Контрабанда ва божхона қонун бузилишига қарши муросасиз курашиш;
  • Фискал вазифаларни ортиғи билан бажариш, божхона тўловларини ўз вақтида ва тўғри ундириш;

Бунда, илғор усулларни қўллаган ҳолда божхона назоратини  олиб бориш

  • Замонавий технологиялар ва махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда фаолият самарадорлигини ошириш;
  • Божхона процедураларини соддалаштириш, хавфни бошқариш механизмлари орқали ҳалол тадбиркорларга имтиёзли божхона расмийлаштирувини амалга ошириш;
  • Кадрлар билан ишлаш ва коррупцияга қарши курашиш.

 Шу ўринда фуқароларга бошқарма фаолиятига оид маълумотларни телеграм ижтимоий тармоғидаги https://t.me/tshbb_bojxona канали орқали кузатиб боришлари ҳамда бошқарма фаолиятини такомиллаштириш, экспорт-импорт операциялари билан боғлиқ мурожаатларини бошқарманинг 71-207-09-39 телефон рақами ёки toshkent_shahri@customs.uz, tashkent_customs@exat.uz почта манзиллари орқали йўллашлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз. 

Толибжон  Саидов,
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи

21.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг