Бу ҳақда Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 7 июль куни узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда экотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда юртимизда азалдан узумчилик анъанаси бўлгани, уни ривожлантириш учун катта имкониятлар борлигини таъкидлаб ўтган эди.
Дарҳақиқат бугунги кунда юртимизда фермер хўжаликлари томонидан 90 минг гектар майдонда узум етиштирилмоқда. Бу тармоқда 900 минг аҳоли доимий ва мавсумий иш билан банд дегани.
Узумчилик соҳасида самарқандлик бободеҳқонлар ҳам катта тажрибага эгадирлар. Вилоятда узумнинг хусайни, тойфи, ризамат ота, келинбармоқ ва кишмиш каби навлари етиштирилади. Йилдан йилга Самарқандда ҳам узум майдонлари сезиларли даражада кенгайиб бормоқда. Пишаётган ҳосилларни боғбон-соҳибкорларимиз нобуд қилмай йиғиштириб олишлари катта масъулият талаб этади, албатта.
Пишган узумларнинг бир қисми истеъмолга, яна бир қисми эса экспортга йўналтирилмоқда.
Агар таҳлилларга эътибор қаратсак, вилоятдан жорий йил бошидан 17 август ҳолатига умумий қиймати 17 871,4 минг АҚШ долларлик вазни 16,6 минг тонна узум маҳсулотлари жаҳон бозорининг турли нуқталарига экспорт қилинди. Вилоятдан узум маҳсулотлари асосан Хитой, Туркия, Россия, БАА ва Ироққа экспорт қилинган.
Маълумот тариқасида шуни айтиб ўтиш жоизки, бугун вилоятнинг 165 тага яқин корхоналари томонидан узум маҳсулотларини экспорт қилиш йўлга қўйилган.
21.08.2021