Юқоридаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Наманган вилояти божхона бошқармасининг “Наманган аэропорт” чегара божхона постида “Бугунги кунда чегара божхона постларида фуқаролар учун яратилган қулайликлар” мавзусида навбатдаги пресс-тур ташкил этилди.
Ушбу тадбирда иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда “Ёш журналистлар” мактаби ўқувчиларига аэропортдаги хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ҳамда божхона органлари фаолияти яқиндан таништирилди.
Хусусан, тадбир иштирокчиларига “Наманган аэропорт” чегара божхона пости ходимлари томонидан божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган йўловчилар ва уларнинг юкларини божхона назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.
Тадбирда божхоначилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 814-сон Қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида 2018 йил 1 январдан икки йўлакли тизим жорий қилинганлиги ҳамда ушбу тизим бугунги кунда йўловчиларга қандай қулайликлар яратаётганлиги тўғрисида тўхталиб ўтишди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига пост орқали ҳаракатланаётган фуқароларга яратилган қулайликлар, у ердаги божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, замонавий божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтилди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Наманган аэропорти” чегара божхона пости орқали 540 та (киришга 258 та, чиқишга 282 та) ҳалқаро авиарейслар божхона назоратидан ўтказилиб, уларда жами 105 минг нафар, шундан, киришга 38минг нафар ҳамда чиқишга 67 минг нафар фуқаро ҳаракатланган.
Мазкур пост томонидан 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида 7 та ҳолатда жами 52,9 млн сўмлик яъни, 5 та ҳолатда тиббиёт дорилари ва буюмлари, 1 та ҳолатда учувчисиз учиш аппарати ҳамда 1 та ҳолатда тақиқланган адабиётларни ноқонуний олиб кириш билан боғлиқ божхона қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Пресс-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Ташкил этилган бу каби пресс-турларда журналистлар энг аввало мавзунинг ичига кириб бориш ва ҳар бир детални пухта ўрганиш имконига эга бўлишди. Бу эса табиийки, улар томонидан тайёрланадиган материалларнинг янада батафсил ва таъсирчан бўлишига хизмат қилади.
21.08.2021