Жумладан, мамлакатимиз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг иқтисодий хавфсизлигини таьминлашга қаратилган божхона соҳасида ҳам.
Иқтисодиёт тараққиёт гаровидир. Шундай экан мамлакатнинг иктисодий потенциалини ошириш унда ишлаб чиқариш жараёнини ривожлантириш, импорт экспорт операцияларини бажаришда қулайликлар яратиш билан боғлиқ.
Ўтган йиллар давомида Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва барча соҳалардаги улкан ўзгаришлар ва кенг кўламли ислоҳотлар божхона соҳасида ҳам ўзига хос кўриниш касб этди.
Жумладан, тадбиркорлар фаолиятини либераллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бобида муҳим ислоҳотларга қўл урилди.
Божхона маъмурчилигини 2017–2020 йилларда ислоҳ қилиш учун асосий устувор вазифалар белгилаб берилди. Бухоро вилоят божхона бошқармаси томонидан мазкур устувор вазифалар ижросини таъминлашда божхона органлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Таъкидлаш лозимки, божхона органлари ислоҳотлар самараси ўлароқ бугун фақатгина давлат божи тўловларини ундирувчи орган бўлибгина қолмай балки тадбиркорларга экспорт импорт жараёнларида кўмаклашувчи орган сифатида намоён бўлмоқда.
Хусусан, ислоҳотлар кесимида ташқи иқтисодий фаолиятда ТИФ ТН коди бўйича экспертиза хулосасини тақдим этиш талаби бекор қилиниши, божхона юк декларацияларини автоматик рўйхатга олиш ва тақсимлаш тизимининг жорий этилиши яратилган имкониятлардан биридир. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, илгари божхона расмийлаштируви учун 2-3 соат вақт сарфланиб, бир неча хизмат китоблари юритилган бўлса, ҳозирда бу жараён 1-2 дақиқада амалга оширилади. Бу эса экспортёр корхоналар, тадбиркорлик субьектлари учун катта қулайликлар яратмоқда.
Ўз ўрнида ишлаб чиқариш жараёнларининг ривожланиши янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмокда.
“Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” – Бу тамойилга божхона органларида ҳам катта эътибор қаратиб келинмоқда.
Шу билан бир қаторда, ўтган йиллар давомида тадбиркорлар учун содда ва шаффоф божхона тартиб-таомиллари жорий қилиниши, қабул қилинган муҳим ҳужжатлар, янги тартиб ва қулайликларнинг барчаси ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспортёр ташкилотлар ўртасида рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Айни шу жараёнларда тезкорлик ва самарадорликни таъминлаш мақсадида божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларига янги инновацион технологиялар мунтазам жорий этилмоқда.
2019 йилдан бошлаб божхона назоратида танлаб олиш принципига асосланган “Хавфни бошқариш” тизими амалиётга жорий этилиши фикримиз исботидир. Хўш бу тизимнинг самараси қай даражада бўлди. Аввало, божхона органлари “ялпи” божхона назоратидан воз кечди.
Эндиликда танлаб текширишга асосланган ушбу тизим асосида назорат амалга ошириб келинмоқда. Натижада эса расмийлаштирув вақти экспортда 3 баробарга, импортда
2 баробарга қисқарди. Кўриклар сони 1,4 баробарга камайган бўлсада, уларнинг самарадорлиги 1,5 баробарга ошди.
Амалга оширилган ислоҳотлар самарасида сўнгги йилларда “Бизнес юритиш” халқаро рейтингининг “Халқаро савдо” индикаторида Ўзбекистон 13 поғона юқорига кўтарилишига эришилди.
Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимизнинг 2020 йил
5 июндаги Фармони билан божхона органлари янги босқичга қадам ташлади. Мазкур фармон асосида божхона органлари божхона тўловларини ундириш, божхона қоидабузарликларини аниқлаш баробарида тадбиркорлик субьектларини қўллаб қувватлаш бўйича ишларни амалга оширмоқда.
Бунинг самарасида ташқи савдо операциялари кенгайди. Хусусан, давлатимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган қарорлар самараси ўлароқ божхона тўловларидан қўлланилган имтиёзлар натижасида Бухоро вилояти ҳудудий ва тармоқ корхоналари томонидан ташқи савдо айланмаси жами 483,4 млн. долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 7,7 фоиз ёки – 34,4 млн. долларга ошишига эришилди. Шунингдек, божхона органлари ташаббуси асосида тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ эндиликда маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотлар хорижий давлатдан маҳсулот олиб, импорт қилмасдан, учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотиш имконияти яратилди.
Бундан ташқари мазкур қарор билан божхона ҳудудида қайта ишлаш режимидан фойдаланиш талаблари соддалаштирилди. Бу эса янги иш ўринларини кўпайтириш ва экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, божхона органлари фаолиятига 60 дан ортиқ автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва 30 та интерактив хизматлар жорий қилинди, 20 дан ортиқ давлат идораси билан электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.
Бугунги кунда божхона хизмати органлари ходимлари халқ хизматчиси сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва бандлигини таъминлаш, меҳр-саховат кўрсатиш ва ижтимоий тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқдалар.
Жумладан Президентимиз жорий йил Бухорога қилган ташрифлари жараёнида вилоятнинг олис ҳудудларида аҳоли фаровонлигини таминлаш мақсадида бир қатор вазирлик ва идораларга топшириқлар берган эди. Айни шу вазифалардан келиб чиқиб Давлат божхона қўмитаси томонидан эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Қоракўл туманидаги Қоракўл МФЙ да қарийб 13 млрд. сўм маблағ эвазига барпо этилаётган 330 ўринли, 3 қаватли мактаб биносида ўқувчи ёшлар учун барча имкониятлар мавжуд бўлади.
Жумладан, синф хоналари, ошхона, спорт заллари, ювиниш хоналари барпо этилади. Қурилиш учун қўлланилаётган маҳсулотлар эса мустаҳкам, қурувчи усталар томонидан ишга жадаллик билан киришилган.
Бир сўз билан айтганда, юртимиз равнақи, халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар албатта бугун ўз самарасини кўрсатмокда. Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам мазкур жараёнларда сидқидилдан иштирок этишмоқда.
19.08.2021