Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистонда божхона тўловларини қўллашни либераллаштириш жараёнлари
2460
Бугунги кунда иқтисодиётни тартибга солиш жараёнини либераллаштириш ҳамда уни жадал суръатлар билан ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб келинмоқда.

Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда божхона хизматини ислоҳ этиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда божхона процедураларини соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қулайликлар яратиш алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, божхона тўловларини қўллашни либераллаштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Божхона тўловлари - божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товар моддий бойликлари учун давлат бюджетига ундириладиган тўлов. Божхона тўловлари ҳар бир давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ турлича бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикасида божхона тўловлари таркибида божхона божи, акциз солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимлари мавжуд.

Божхона тўловлари олдиндан ёки божхона расмийлаштируви жараёнида тўланади. Ўзбекстон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ, божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар берилиши мумин.

Божхона тўловларни қўллашни либераллаштириш ишлари ўз навбатида тўлов ставкаларини пасайтириш, имтиёз ва преференциялар бериш, тўловни амалга ошириш механизмини соддалаштириш ва бошқа йўналишларда олиб борилмоқда. Ушбу йўналишларда амалга оширилган  ишларнинг қисқа мазмуни қуйида келтирилмоқда.

Қўшилган қиймат солиғи ставкасини мақбуллаштириш. Ўзоқ йиллар давомида 20 фозли қўшилган қиймат солиғи ҳамда акциз солиғининг юқори ставкалари тадбиркорларга оғир юк бўлиб келганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Бу эса, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини божхона қонун қоидаларини четлаб ўтишларини келтириб чиқарувчи асосий сабаблардан бири ҳисобланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил       26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоизга пасайтирилди.

Қўшилган қиймат солиғи ставкасининг пасайтирилиши натижасида республика миқёсида хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида 10 триллион сўмдан ортиқ айланма маблағ тежаб қолинган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган ўхшаши мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган янги технологик асбоб-ускуналар рўйхати асосида 676 турдаги товарлар импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилди. Буларнинг натижасида тадбиркорларга ўз фаолиятларини ривожлантириши учун янада кенг имкониятлар яратилмоқда.

Акциз солиғи ставкасини мақбуллаштириш. Акциз солиғи ставкасини пасайтириш бўйича ҳам амалга оширилган ислоҳотлар муҳим қадам бўлди. 2021 йилдан бошлаб, 73 турдаги товарларга акциз солиғи бекор қилинди. Бу ҳам тадбиркорликни ривожлантиришга ва кенгайтиришга  кўмаклашувчи қадамлардан бири бўлди десак адашмаган бўламиз. Ҳозирги кунда атиги        4 турдаги товарга нисбатан акциз солиғи ставкаси қўлланилмоқда.

Импорт божхона божи ставкасини мақбуллаштириш. Божхона божи ставкасини мақбуллаштириш бўйича бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Сўнгги йилларда 208 та товар позициясига божхона божи ставкаси пасайтирилди ҳамда кўплаб товарлар учун “ноль” фоизли ставкалар жорий қилинди. Натижада, импорт божхона божининг ўртача арифметик ставкаси 8,2 фоизни ташкил этмоқда.

Божхона тўловларини тўлашни соддалаштириш. Божхона тўловларини тўлаш усуллари ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирги кунда ташқи иқтисодий фаолият субъектлари бу борада ҳеч қандай қийинчилик ёки ноқулайликларга учрамаяпти. Божхона тўловларини тўлаш учун  банкларга тадбиркорларни бориши учун вақт ва маблағ сарфини қисқартириш мақсадида бугунги кунда мобиль иловалар орқали ушбу операцияларни уйда ўтириб ҳам амалга ошириш имконияти яратилди.

Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш бўйича яратилган имкониятлар. Божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб тўлаш бўйича тадбиркорларга қулайлик яратилган. Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб тўлаш божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш календарь кундан ошмаслиги лозим. Шунингдек, айрим холларда қўшилган қиймат солиғини 120 кун муддатда кечиктириб тўлаш имконияти яратилди. Бундан ташқари чорвачилик соҳасидаги 200 дан ортиқ наслчилик товарларини олиб киришда ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддати 180 кунга кечиктириб тўлашга рухсат берилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мамлакатимизда жадал суръатлар билан олиб борилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг тарзда давлат божхона хизмати органлари фаолиятида, хусусан, божхона тўловларини қўллаш  жараёнларини либераллаштириш борасида ҳам зарур чоралар амалга оширилмоқда.

М.Сирочев
ДБҚ Божхона институти инспектори

17.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг