Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистонда божхоначи кадрлар тайёрлаш тизимининг ривожланиши
2773
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар барқарор ривожланишни таъминлаш имконини берадиган мобиль мослашувчан олий таълим тизимини шакллантиришни талаб этмоқда.
Ўзбекистонда божхоначи кадрлар тайёрлаш тизимининг ривожланиши

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида олий таълим тизимида таҳсил олиш учун кенг имконият яратишга қаратилган ишларни янада кучайтириш, университетлар нуфузини ошириш, нодавлат таълим муассасалари сонини кўпайтириб, соҳага юқори малакали кадрларни жалб этиш ва рақобатни кучайтириш, нуфузли хорижий институт ҳамда университетлар билан ҳамкорликни кучайтириш, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини янада ошириш, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш муҳим вазифалардан бири эканлиги таъкидлаб ўтилган. Ҳудудларда янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, кадрлар тайёрлашнинг замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари, сиртқи ва кечки ўқув шаклларининг очилиши, қабул квоталарининг оширилиши бу борадаги ислоҳотларнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.

Президентимиз Ш.Мирзиёев 2020 йилнинг 30 сентябрида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда таъкидлаганларидек, “Фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади десам, ўйлайманки, бутун халқимиз бу фикрни қўллаб-қувватлайди”.

Шунингдек, Юртбошимиз раислигида жорий йилнинг 16 июнь куни олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида жаҳон тараққиётига мос мутахассислар тайёрлаш мақсадида таълим тизимини изчил ривожлантириш, олий таълим соҳасидаги дастлабки ислоҳотлар қамровини ошириш, илмий-тадқиқот фаолияти ва инновацияни ривожлантириш борасида белгиланган 4 та устувор вазифалар қаторида олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш алоҳида устувор вазифа сифатида белгиланиши божхона органлари фаолиятида ҳам кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, тизим учун соҳа фаолиятини оптимал ташкил этишда илмий дунёқараш ва амалий тажрибани уйғунлаштира оладиган мутахассисларни тайёрлашда алоҳида вазифаларни белгилаб олишни заруратга айлантирди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим тизимини ривожланган мамлакатлар даражасига кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Истиқлол йилларида яратилган узлуксиз таълим тизими ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни шакллантириш учун зарур бўлган чуқур билимларга эга бўлиш имконини беради. Таълим соҳасига инновацияларни жорий этиш натижасида инновацион таълим тизими шакллантирилмоқда.

Дастлаб, олий маълумотли божхоначилар 2003 йил 22 майда ташкил этилган Олий ҳарбий божхона институтида тайёрлана бошланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3995-сонли қарори муҳим қадам бўлди. Қарорга мувофиқ, янгидан қайта ташкил этилган Божхона институти божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-методик муассаса сифатида белгиланди. Институт 2003 йилдан буён юқори малакали божхона ходимларини тайёрлаб келмоқда.

Бугунги кунда жадал суръатлар билан кечаётган халқаро интеграцион жараёнлар, инновацион иқтисодиётнинг ривожланиш даврида божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, божхона ва бизнеснинг ҳамкорлик истиқболлари, божхона органларини рақамли ривожлантириш, истиқболли божхона технологиялари, божхона маъмуриятчилигининг муаммолари ва истиқболлари, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги муносабатларни иқтисодий-ҳуқуқий тартибга солиш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда. Шу билан бир қаторда, божхона ишини самарали ташкил этишда фан, таълим ва амалиётнинг ўрни беқиёс бўлиб, божхона органлари фаолиятини илмий жиҳатдан ташкил этиш бир вақтнинг ўзида вақт ва инсон ресурсларидан  самарали фойдаланишга олиб келади. 

Институтда божхона иши соҳасидаги халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда икки босқичли “Божхона иши” ва “Юриспруденция (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш)” таълим йўналиши бўйича бакалаврларни ҳамда “Божхона иши (фаолият турлари бўйича)” ва “Солиқ ва божхона ҳуқуқи” мутахассисликлари бўйича магистрларни тайёрлаш амалга оширилиши назарда тутилган. Институтда божхона иши соҳасидаги халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда курсантларда таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва уларни амалиётда қўллаш кўникмасини ривожлантиришга йўналтирилган янгича ўқитиш тизими шакллантирилди.

Қисқа давр мобайнида институтда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича янгича ўқитиш тизимини шакллантириш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган замонавий педагогик ва ахборот технологияларни кенг жорий этиш, назария ва божхона амалиёти узвийлигига асосланган илғор ўқитиш усулларини кенг қўллаш, янги авлод дарсликларини яратиш ва ўқув жараёнига кенг татбиқ этиш ҳамда чет тилларини мукаммал ўзлаштирган кадрлар тайёрлаш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Институтда курсантларга чет тилларни ўқитиш бўйича коммуникатив методика асосида дифференциал ёндашув орқали чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш тизими йўлга қўйилган. Ўқув жараёнига ахборот коммуникация технологияларини кенг қўллаш мақсадида “Электрон таълим” масофавий ўқитиш тизими жорий этилди. Шу билан бирга “E-TRENAJYOR” автоматлаштирилган ахборот тизими ўқув жараёнига татбиқ этилди. Бугунги кунда, амалиётда мавжуд барча автоматлаштирилган ахборот тизимларининг тренажер-имитацон комплекслари ва мослашувчан автоматлаштирилган тренажерлари ўқув жараёнига жорий этилган. Институт Ахборот ресурс маркази етакчи хорижий ва миллий адабиётлар фондларига уланди ва марказда 600 дан зиёд адабиётларнинг электрон нусхалари сақланмоқда. Янгидан-янги лаборатория жиҳозлари, божхона назоратининг техник воситалари, масофавий таълим тизими, хорижий тилларни ўқитиш воситалари замонавий талабларга мувофиқ тарзда ташкил этиб борилмоқда. Таълим сифатини ошириш ҳамда курсантларнинг дарсдан ташқари фаолиятини мазмунли ўтказиш мақсадида, фанлар бўйича мастер-класс машғулотлари, “Билимлар беллашувлари”, “Кичик илмий ишлар” танловлари, “Discussion Club”, мутахассислик фанлари бўйича интегратив-интеллектуал танловлар, олимпиадалар ўтказиб келинмоқда.

Курсантларда озод Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлашга бор куч-ғайратини сарфлаш, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, Ватан ҳимояси учун ахлоқий-руҳий ва жисмоний тайёргарлик, хизмат бурчига содиқлик, юксак фуқаролик масъулиятини шакллантиришга қаратилган маънавий-ахлоқий ишларни олиб бориш йўлга қўйилган.

Курсантларни интеллектуал салоҳиятини ошириш, китоб мутолаасига бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ва китобхонликни кенг тарғиб этиш, миллий маданиятимиз тарихида чуқур из қолдирган алломаларга бағишланган ёзувчи ва олимлар иштирокида ижодий тадбирлар ва танловлар ташкил этилди.

Ҳар бир жамиятнинг келажаги унинг ажралмас қисми ва ҳаётий зарурати бўлган таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Бугунги кунда мустақил тараққиёт йўлидан бораётган мамлакатимизнинг узлуксиз таълим тизимини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, янги сифат босқичига кўтариш, унга илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда таълим самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ҳозирги давр божхона ходими ўз соҳасининг билимдони, жисмонан соғлом, тарбияли ҳамда ҳар томонлама ривожланган бўлиши лозим. Бу вазифаларни тўғри ва ижобий ҳал қилишда, институтнинг шаклланиши ва ривожланишида ўқув-услубий ва таълим-тарбиявий ишлар алоҳида аҳамият касб этди. Шунинг учун ҳам бу даврга келиб институт фаолиятига нисбатан қўйиладиган талаб йил сайин ошиб бормоқда. Ўқув-услубий ишларни илмий асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди ва бунинг натижасида мутахассисларни сифатли ва салоҳиятли қилиб тайёрлаш ишлари тобора такомиллашиб бормоқда.

Институт ўзининг таниқли олимлари ва жонкуяр ўқитувчилари, шунингдек, битирувчилари билан ҳақли равишда фахрланади. Улар ҳар доим кенг дунёқараш, юқори ватанпарварлик ҳиссига эга ҳамда божхона ишининг энг мураккаб муаммоларини ҳал қила олиш қобилияти билан ажралиб туради.

Институт фаолиятидаги халқаро ҳамкорлик йўналишидаги ишлар кадрлар тайёрлаш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва стажировкасини ўтказишда соҳавий етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва тажриба алмашишга асосланади. Ҳозирги кунга қадар божхона соҳаси учун кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича қатор хорижий давлатларнинг соҳавий олий ўқув юртлари билан халқаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Жумладан, Шанхай божхона коллежи (Хитой), Россия Федерал божхона хизмати таркибидаги Россия божхона академияси, Рига техника университети (Латвия Республикаси), Озарбайжон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Академияси, Беларусь Республикаси Давлат божхона қўмитасининг божхона органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ўртасида кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида қатор ҳужжатлар имзоланган.

Институт ҳудудида ўқув-маъмурий корпуси, ётоқхоналар, ошхона, ахборот-ресурс маркази, босмахона ва бошқа замонавий бино ва иншоотлар барпо этилган.  Шу билан бирга, саф майдони, жисмоний ва жанговар тайёргарлик комплекси, стадионлар, спорт ва тренажёр заллари, баскетбол майдони, теннис корти, ёпиқ ва очиқ турдаги бассейнлар, жанговар ва электрон ўқ отиш тирлари мавжуд.

Институт божхоначи кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланадиган ва божхона иши соҳасида кенг кўламли муаммолар бўйича илмий тадқиқотлар олиб борадиган илмий марказ бўлиб шаклланган.

Таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам бугунги кунда ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Чунки ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттириш давр талабидир. Божхона органларида хизмат қилишга бел боғлаган ҳар бир ёшнинг онги-шуурида, қалбида ҳалоллик, одиллик туйғуси аланга олган бўлиши, Ватанга содиқ хизмат қилиш муқаддас бурч, деган халқона даъватни ҳис қилиши керак. Бу жараёнда институт жамоаси халқаро таълим стандартлари асосида ўқув-услубий тизимни такомиллаштириш, курсантларда мустақил таълим олиш, танқидий ва ижодий фикрлаш, тизимли таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантириш, ўқув жараёнида компетенцияларни кучайтиришга қаратилган методикаларни қўллашга асосий эътибор қаратиш лозим. Келгусида институт битирувчилари хизмат фаолиятлари ва ҳаётини божхона хизмати билан мустаҳкам ва чамбарчас боғлаган ҳолда ўз келажакларини давлатнинг иқтисодий хавфсизлиги, эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини қаратишга масъул эканлигини дил-дилдан ҳис этиб боришади.

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистонда давлат божхона хизмати органларига кадрлар тайёрлашнинг миллий тизими тўлақонли шаклланиб улгурган десак муболаға бўлмайди ҳамда замон талабларига ҳамоҳанг тарзда ривожланиб бораётганлигини кўришимиз мумкин.

С.Саломов
 ДБҚ Божхона институти ўқитувчиси

17.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг