Бугунги кунда ташкилий жиҳатдан бошқармада 11 та бўлим ва 7 та гуруҳ, унинг тассаруфида эса 3 та божхона постлари, яъни “Жиззах” ташқи иқтисодий фаолият, “Қўшкент” ва “Учтўрғон” чегара божхона постлари мавжуд.
Мамлакатнинг иқтисодий ривожида экспорт-импорт жараёнлари ҳам муҳим ўринга эга. Негаки, товарлар экспортини тобора ошириш эвазига давлат бюджетига валюта тушуми таъминланади. Шу боис ушбу соҳага етарлича шарт-шароитларни яратиш лозим. Бу борада “Жиззах” ТИФ божхона постида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратамиз.
“Жиззах” ТИФ божхона постида жорий йилнинг шу даврига қадар 5507 та БЮД расмийлаштирилган. Январь-июль ойлари давомида бошқарма бўйича товарлар ташқи савдо айлануви 264,5 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Шунингдек, товарлар экспорти ҳажми 106,1 млн. АҚШ долларни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 56,3 млн. АҚШ долларига ёки 112,9%га кўпайган.
Экспортнинг асосий қисми калава ип, тўқимачилик, мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари, шиша ва ундан ясалган буюмлар, табиий қазилмалар ҳамда бошқа товарларга тўғри келади.
Шу ўринда айтиш керакки, ушбу экспорт-импорт жараёнларини амалга оширишда тадбиркорларнинг қимматли вақтларини тежаш ва ортиқча қоғозбозлик ҳамда сарф-харажатларнинг олдини олиш борасида сўнги йилларда божхона органларида кўплаб қулайликлар жорий қилинди.
Маълумки, ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш жараёнида нафақат божхона соҳаси, балки фитосанитария, санитар-эпидемиологик, ветеринария, экологик назорат органлари ва сертификатлаш органлари фаолияти самарадорлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу мақсадда, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда давлат идоралари томонидан талаб қилинадиган ҳужжатлар сони ва рухсатномаларни бериш муддатлари қисқартирилди ҳамда идоралараро маълумотларни электрон кўринишда олишни назарда тутувчи “Ягона дарча” божхона ахборот тизими 2020 йил 1 январдан амалиётга жорий этилди.
Содда қилиб айтганда, энди тадбиркорлар ўз идораларидан чиқмасдан туриб, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни интернет тармоғи орқали (www.yagonadarcha.uz) тақдим этишлари мумкин.
Божхона соҳасида тадбиркорларга яратиб берилаётган яна бир қулайликлардан бири бу уларга божхона тўловларидан берилаётган имтиёзлардир. 2021 йилнинг январь-июль ойлари давомида импорт қилинган товарларга нисбатан қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 515 млрд. 222,1 млн сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланди. Шундан 299 млрд. 165,2 млн. сўм қисмига божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган бўлса, 216 млрд. 56,9 млн. сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилди.
Бундан ташқари бугунги кунда, аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлар йўналишида ҳам мунтазам назорат ишлари йўлга қўйилган. 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида бошқармага жисмоний ва юридик шахслардан жами 49 та мурожатлар келиб тушган. Шулардан 17 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан (PM.gov.uz), 2 таси Бош вазирнинг виртуал қабулхонасидан (business.gov.uz), 8 та ёзма ва 22 та оғзаки мурожаатлар. Ушбу мурожаатларнинг барчаси тегишли тартибда қаноатлантирилган.
Бир сўз билан айтганда, Жиззах вилояти божхона бошқармаси ходимлари мамлакат иқтисодий хавфсизлигини ҳимоя қилиш, бу орқали юрт ривожи ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида туну-кун самарали меҳнат қилиб келишмоқда.
16.08.2021