Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Товарларни ички ҳудудда ташишга оид божхона қоидалари
4120
Мамлакатимизда охирги тўрт йил ичида ташқи иқтисодий фаолият соҳасида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Яқин қўшничилик муносабатлари ва чет эл давлатлари билан ўзаро яхши муносабатлар ўрнатилди.

Бу эса ўз-ўзидан юртимиз билан чет давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баробарга ошишига олиб келди. Аҳамиятлиси, ташқи иқтисодий фаолият билан машғул тадбиркорлар сони кўпаймоқда.

Мазкур жараёнлар билан мутаносиб равишда божхона соҳасида ҳам тадбиркорларга қулайлик ва имкониятлар жорий этилди. Бир қанча божхона операциялари соддалаштирилиши ва соҳага хавфни бошқариш тизимининг ўз вақтида жорий этилиши, товар ва транспорт воситаларининг божхона чегараларидан тўхтовсиз ҳаракатланишига имкон яратди.

Шу ўринда, бизга четдан импорт асосида олиб келинаётган ва мамлакатимиздан экспортга юкланаётган товар ва транспорт воситаларини мамлакат ички ҳудудида ташишга оид божхона тартиб-қоидаларига тўхталсак.

Импортга олиб келинган товарларни ички ҳудудда ташиш қоидалари ҳақида хабардормисиз?

Мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Божхона Кодексининг 218-моддаси (Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона назорати остида ташиш талаблари ҳамда шартлари) билан тартибга солинади.

Унга кўра, божхона назорати остида турган товарлар ва транспорт воситалари жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органига ушбу товарларни транспорт воситаларини ташиш учун қабул қилган ташувчининг жавобгарлиги остида ташилади.

Товар келиб тушадиган божхона органига топширилиши лозим бўлган ҳужжатлар қайси товарларга ва транспорт воситаларига тегишли бўлса, ўша товарлар ва транспорт воситалари билан бир хил тартибда етказиб берилади ва тақдим қилинади.

Божхона назорати остида ташиладиган товарлар ва транспорт воситалари:

-товар келиб тушадиган божхона органига жўнатувчи божхона органи белгилаган муддатларда ва йўналишлар бўйича, агар улар ушбу модданинг олтинчи қисмига мувофиқ белгиланган бўлса, ташувчи томонидан етказиб берилиши;

-товар келиб тушадиган божхона органига тақдим этилиши;

-табиий эскириш ёки нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришларни истисно этганда, ўзгармас ҳолатда қолиши ҳамда ташишдан бошқа бирор мақсадда фойдаланилмаслиги лозим бўлади.

Шунингдек, товар келиб тушадиган божхона органига товарларни етказиб беришнинг энг кўп муддати қуйидаги ҳисоб-китоб билан белгиланадиган муддатдан ошмаслиги керак:

- ҳаво транспорти учун - уч календарь кундан;

- автомобиль ва сув транспорти учун - ўн календарь кундан;

- темир йўл транспорти учун - икки минг километр учун ўттиз календарь кундан.

Божхона назорати остида ташилаётган товарлар учун етказиб бериш муддати ташувчининг аризасидан, товарларни ташишнинг одатий муддатидан, транспорт воситасининг тури ва имкониятларидан, аризачи томонидан белгиланган ҳаракат йўналиши ва бошқа ташиш шартларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддат доирасида жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланади.

Божхона назорати остида турган айрим товарларни божхона ҳудуди бўйлаб ташиш йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ваколатли шахснинг ёки ташувчининг асосланган сўровига кўра оралиқ божхона органи товарларни товар келиб тушадиган божхона органига етказиб беришнинг дастлаб белгиланган муддатини узайтиради.

Автомобиль транспортида ташилаётганда божхона назорати остида турган товарларни ҳамда божхона назорати остида турмаган бошқа товарларни битта транспорт воситасига жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Товарларни ички ҳудудда ташишдаги кутилмаган ҳолатлар!

Шуни қайд этиш жоизки, товар ва транспорт воситаларини мамлакат ички ҳудудида ташишга тўсқинлик қиладиган бошқа вазиятлар ҳам учраб туради.

Божхона кодексининг 224-моддаси (Авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири ёхуд товарларни ташишга тўсқинлик қиладиган бошқа вазиятлар оқибатида кўриладиган чора-тадбирлар) да аниқ қилиб белгилаб қўйилган.

Мазкур моддада, авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири ёхуд товарларни тайин қилинган жойга ташишга тўсқинлик қиладиган бошқа вазиятлар оқибатида ташувчи:

- товарнинг, транспорт воситасининг бутлигини сақлаш ва улардан фойдаланилишига йўл қўймаслик учун зарур чора-тадбирларни кўриши;

- энг яқин божхона органига тегишли вазиятлар, товарнинг ва транспорт воситасининг турган жойи тўғрисида дарҳол хабар бериши;

- товарларни энг яқин божхона органига ёки божхона органи кўрсатган бошқа жойга олиб бориши ёхуд, агар унинг транспорт воситаси бузилган бўлса, олиб борилишини таъминлаши шарт.

Божхона органи божхона назоратини таъминлаш учун қўлланиладиган чора-тадбирларни содир бўлган ҳодисанинг хусусиятига, товар сифатининг йўқотилиш даражаси ва товар ташилишини амалга ошираётган транспорт воситасининг техник ҳолатига боғлиқ равишда белгилайди.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ва божхона ҳудудида содир бўлган ҳоллар белгиланган тартибда тегишли ваколатли органлар томонидан тасдиқланган бўлиши керак.

Ушбу моддада назарда тутилган чоралар кўрилиши муносабати билан ташувчи қилган харажатларнинг ўрни божхона органлари томонидан қопланмайди.

Белгиланган тартибларга риоя қилмаслик ҳолатлари ҳақида.

Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан божхона назорати остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун БҲМнинг 1 баравари миқдоридаги божхона йиғимини тўлашларига тўғри келади.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

14.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг