Жорий йилнинг январь-июль ойларида пост ходимлари томонидан 8351 та божхона юк декларациялари (БЮД) расмийлаштирилган бўлиб, шундан 7389 та ёки умумий декларацияларнинг 88,4 фоиз экспорт божхона режимига расмийлаштирилган.
Давлат божхона қўмитаси томонидан жорий этилган хавфларни бошқариш тизими бўйича БЮДларининг йўлакларга тақсимланиши таҳлил қилинганида, жами расмийлаштирилган декларацияларнинг 87 фоиз - “яшил”, 9,3 фоиз - “сариқ”, 3,7 фоиз -“қизил” йўлакка йўналтирилганлиги, шунингдек “яшил” йўлакка йўналтирилган БЮДлар сони ўтган йилга нисбатан 3271 тага ортганлиги, “қизил” йўлакка йўналтирилган БЮДлар сони 2191 тага камайганлигини кўришимиз мумкин.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, иш фаолиятини қонун талаблари асосида тўғри амалга ошираётган ҳалол тадбиркорлар томонидан тақдим этилган БЮДлари божхона назоратининг “енгиллаштирилган” ва “соддалаштирилган” шаклларида расмийлаштирилмоқда.
“Қўнғирот” ТИФ божхона пости томонидан божхона тўловларидан давлат бюджетига йил бошидан 65,5 млрд. сўм пул маблағлари ундирилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 43,3 фоизга ошган.
2021 йилнинг январь-июль ойларида “Қунғирот” ТИФ божхона пости бўйича товарлар ташқи савдо айланмаси 262,4 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 64,1 млн. АҚШ долларига ёки 32,3 фоизга кўпайди.
Ҳисобот даврида умумий ҳажми 379,9 миллион АҚШ долларига тенг бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ташқи савдо айланмасининг 69 фоизи айнан ушбу пост орқали расмийлаштирилганлиги инобатга олинса, “Қўнғирот” ТИФ божхона пости иш ҳажми бўйича ҳудуддаги энг катта ТИФ постларидан ҳисобланиши ва катта ҳажмдаги ташқи савдо юкларининг ушбу пост орқали ҳаракатини кўриш мумкин.
Шундан, 208,3 млн. АҚШ доллари қийматидаги товарлар “экспорт” божхона режимига расмийлаштирилган бўлиб, ташқи савдо айланмасида унинг улуши қарийб 80 фоизни ташкил қилди. Мазкур божхона пости орқали экспортга йўналтирилган товарлар қиймати эса ўтган йилга нисбатан 49,4 млн. АҚШ долларига ёки 31,09 фоизга кўпайди.
Бу даврда пост орқали асосан Туркия, Россия, Хитой, Қозоғистон, Латвия, Украина каби бир қатор давлатларга полиэтилен ва полипропилен гранулалари, пахта толаси, кимё саноати маҳсулотлари, артемия цистаси, қизилмия илдизи ва полиз экинлари экспорт қилинган.
Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида қиймати 54,1 млн. АҚШ долларига тенг бўлган товарлар импортини асосан Россия, Корея, Швеция, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Нидерландия каби давлатлардан олиб келинган кимё саноати маҳсулотлари, дастгоҳ ва асбоб-ускуналар, нефть ва нефть махсулотлари, металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, ёғоч ва тахта ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ташкил этмоқда.
Бу эса амалдаги қонунчилик талаблари асосида мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар доирасида божхона пости томонидан ҳудуддаги ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига йил бошидан божхона тўловларидан тақдим этилган 26 млрд. 942 млн. сўм миқдорида имтиёз ва преференцияларларнинг натижаси, десак муболаға бўлмайди. Зеро, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган товарлар импортида қўлланилаётган имтиёз ва преференциялар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, янги иш ўринларининг яратилиши ва келажакда экспорт ҳажмининг ортишига замин яратади.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
14.08.2021