Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири билан яқиндан танишилди
2593
Давлат божхона қўмитаси Марказий аппаратида Ўзбекистон Республикаси “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири мазмун моҳиятини ўрганишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Юридик бўлим бошлиғи А.Дўстёров маъруза қилди.
“Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонуннинг янги  таҳрири билан яқиндан танишилди

Тадбирда жорий йилнинг 18 октябрь куни эълон қилинган мазкур қонуннинг бундан 21 йил аввал қабул қилинган “Божхона хизмати тўғрисида”ги Қонундан фарқли томонлари ва мазмун моҳияти тўғрисида маълумот берилди. Хусусан, эски таҳрирда “Божхона хизмати тўғрисида”ги Қонун 14 моддадан иборат бўлган бўлса, мазкур Қонун янги таҳрирда 6 боб 37 моддани ташкил қилган. Шунингдек, Қонунда божхона органлари фаолиятининг асосий принциплари сифатида қонунийлик, ягоналик, очиқлик ва шаффофлик, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилишдан иборатлиги модда билан мустаҳкамлаб қўйилганлиги таъкидланди.

Янги таҳрирдаги қонунда божхона органларининг асосий вазифалари қаторига қуйидагилар ҳам киритилди:
– ташқи савдо операцияларининг мониторингини амалга ошириш, экспорт-импорт шартномаларининг ижросини таҳлил қилиш, шунингдек ташқи савдо операцияларининг божхона органларига тааллуқли қисмини ўтказишда валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш;
– товарларнинг ташқи савдосига доир божхона статистикасини ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатурасини юритиш;
– хавфни бошқариш тизими қўлланилиши самарадорлигининг мунтазам мониторингини амалга ошириш;
– божхона органлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва назоратнинг техник воситаларини қўллаш;
– божхона ишини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш киритилди.
Қонунда божхона органларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, божхоначи қасамёди, ходимларнинг ижтимоий ҳимоя масалалари ҳам жой олди. Шунингдек, нафақат божхона хизмати ходимига, балки, унинг оиласига ҳам бериладиган давлатимиз томонидан имтиёзлар қайта кўриб чиқилиб, кенгайтирилгани маълум қилинди.
Қонуннинг янги таҳририда Давлат божхона қўмитаси тизими Кадрлар сиёсатига боғлиқ бўлган бир қатор ўзгартириш ва тузатишлар киритилиб, хусусан, божхона органлари ходимларига махсус унвонлар бериш, бу унвонларни пасайтириш ва улардан маҳрум қилиш, божхона органлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш ҳамда божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиблари ҳам белгилаб қўйилгани эслатиб ўтилди.
Тадбир давомида уй-жой олишга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб топилган божхона органлари ходимлари уй-жой майдони олиш ҳуқуқига эга эканликлари агар божхона органлари ходимлари турар жойни ижарага олган (ижарада турган) бўлсалар унда уларга пуллик компенсация тўланилиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, божхоначиларнинг жавобгарлиги оширилди:
– Божхона органи ходими ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, шунингдек хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.
– Божхона органи ходимининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни божхона органлари томонидан бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахсдан ундириб олинади.
– Божхона органлари ходимлари хизмат интизомини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Божхона органларининг интизомий уставига мувофиқ жавобгар бўлади.
– Божхона органи ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари камситилишига сабаб бўлди деб ҳисобловчи жисмоний ёки юридик шахс ушбу ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд судга шикоят қилишга ҳақли этиб белгиланди.
А.Дўстёров маъруза давомида тадбир иштирокчилари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати

23.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг