Бу борада божхона органлари мисолида сўз юритадиган бўлсак, бугун соҳада тадбиркорлик фаолиятига эътибор жуда юқори. Соҳада мавжуд тартиб-тамойиллар соддалаштирилиб, “Рақамли божхона”га ўтиш ва бу орқали тадбиркорларга янада қулайликлар яратиш асосий вазифа сифатида белгиланган.
Соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ижобий ҳал этиш мақсадида Жиззах вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Ш.Салихов жойларда тадбиркорлар билан учрашди.
Дастлабки манзил “АДМ-Жиззах” МЧЖ бўлди. Ташриф давомида корхона фаолияти, унинг ишлаб чиқариш қуввати ва келгусидаги режалари билан яқиндан танишилди. Корхонанинг асосий фаолият тури енгил автомобиллар ишлаб чиқаришдан иборат бўлиб, 2020 йилда иш фаолиятини йўлга қўйган. Йилига 10 000 та автомашина ишлаб чиқарувчи мазкур корхона 2023 йилга бориб ушбу кўрсаткични 100 000 тага оширишни режалаштирган. Бунинг натижасида эса 5000 та ишчи ўрни яратилади.
Шунингдек, бошқарма бошлиғи “Jizzax Textil” МЧЖ ХКга ҳам ташриф буюрди. Жиззах шаҳрида жойлашган мазкур корхонанинг экспорт кўрсаткичлари юқори.
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, корхона томонидан жорий йилнинг шу даврига қадар қиймати 16 миллион 644,9 минг АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотлар “Жиззах” ТИФ божхона постида экспортга расмийлаштирилган. Товарлар асосан, Туркия, Россия ва Италия давлатларига экспорт қилинган. Келгусида эса бошқа давлатлар билан ҳам шартномалар имзолаш ва рақобатбардош маҳсулотлар етказиб бериш режалаштирилган.
11.08.2021