“INNOWEEK” – мавжуд инновацион технологиялар билан танишиш, янги бизнес муносабатларини йўлга қўйиш, потенциал сармоядорларни жалб этиш ва ишончли ҳамкорлар топиш учун ажойиб имкониятдир.
Мазкур халқаро форумда жорий йилда иқтисодиётнинг барча тармоқларида, ҳудудларда жорий этилган инновациялар ва келажакдаги аниқ истиқболлари, 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси моҳияти кенг жамоатчиликка етказилмоқда.
Ташкил этилган инновация ҳафталиги доирасида Давлат божхона қўмитаси ҳам божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга оширишнинг самарали усулларини қўллаган ҳолда, божхона жараёнини соддалаштиришга қаратилган энг замонавий, илғор инновацион технологиялари билан иштирок этмоқда.
Инновацион ғоялар ҳафталиги иштирокчиларига электрон декларациялаш тизими тўғрисида батафсил маълумотлар берилмоқда.
Мазкур тизим малака аттестатига эга бўлмаган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан божхона органларига божхона юк декларацияларини реал вақт мобайнида тақдим этиш имкониятини беради.
Шунингдек, божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган товар ва транспорт воситаларини ноқонуний олиб ўтилишини олдини олиш бўйича божхона назоратини амалга оширишга қаратилган божхона назоратининг юқори технологик воситалари ҳам намойиш этилмоқда.
Қўмита томонидан ташкил этилган кўргазмада Давлат божхона хизмати органларининг деярли барча фаолиятини қамраб олган, онлайн режимида ишловчи ахборот тизимлари, жумладан, марказлашган видеокузатув тизими, икки йўлакли тизим (қизил, яшил) намойиш этилган.
Ҳафталикда иштирок этаётган тадбиркорларда айниқса божхона органларида жорий этилган хавфни бошқариш тизими қизиқиш уйғотди. Мазкур тизимни қўллаган ҳолда товар ва транспорт воситаларини танлов асосида божхона назоратидан ўтказиш мумкин. Бу ўз навбатида товарларнинг божхона ҳудуди орқали ўтказиш тартибини соддалаштиради ҳамда божхона жараёнлари вақтини қисқартиради.
Соҳада қўлланилаётган интерактив хизматлар ТИФ иштирокчилари томонидан божхона органларига интернет тармоғи орқали масофадан мурожаат этишга имкон беради. Бу эса ўз навбатида уларнинг вақти ва иқтисодий ҳаражатларини қисқартиради.
Божхона маъмуриятчилигининг илғор ва инновацион усулларини қўллаш эса божхона жараёнларини оптималлаштириш, божхона расмийлаштирувини тезлаштириш, бизнес жараёнларни автоматлаштириш ҳамда кадр сиёсатини такомиллаштиришга имкон беради.
Таъкидлаш жоизки мазкур кўргазма ҳалқаро илғор тажриба ҳамда инновацион ғоялар билан алмашишга ва уларни амалиётга жорий этишга кўмаклашади.
Инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида кейинги кунлар ижтимоий, молия-банк, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиётнинг реал сектори ҳамда давлат бошқарувидаги инновациялар ҳамда шартнома асосида харид қилиш орқали тижоратлаштириладиган ишланмаларнинг намойиши бўйича конференция ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
23.10.2018