Хориждан наслли қора молларни олиб келиб, уларни кўпайтириш билан шуғулланаётган Нукус туманидаги “Қониратбай-Мехри” фермер хўжалиги вакилларининг ҳам божхона имтиёзларини сўраб, тезкор штабга қилган мурожаати ижобий ечим топди.
Ҳозирда бу ерда Дания, Франция, Туркия, Россиядан келтирилган 120 бош қорамоллар кўпайтирилиб, салкам 600 бошга етказилди. Бугун фермер хўжалигида 80 нафар ёшлар, хотин-қизлар доимий иш ўрни билан таъминланган.
Тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини кенгайтириш жараёнида хўжалик қорамоллари учун озуқа тайёрлаш ускунаси, сут маҳсулотларини қайта ишловчи технологияларга эҳтиёж сезаётган эди ва мазкур асбоб-ускуналарнинг хориждан импорти амалга оширилди.
Ушбу жараён эса тадбиркорлик субъектига Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан божхона тўловларидан ҳозирга қадар салкам 1,2 млрд. сўм миқдоридаги божхона имтиёзлари қўлланилган ҳолда, тез фурсатларда расмийлаштирилиб берилди.
Бунинг натижасида фермер хўжалигида соғиб олинган сутдан кунига 6 тоннагача сутни қайта ишлаб, сут ва сут маҳсулотлари, шу жумладан, қатиқ, кефир, йогурт, творог, айрон ва бошқаларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган цех фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бугун ушбу цехда ҳам 25 та ёш аёл-қизлар доимий иш билан таъминланган.
Божхона тўловларидан тақдим этилган имтиёзларнинг қўлланилиш самараси, фермер хўжалигининг фаолияти билан яқиндан танишиш ва уларнинг муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиб, амалий кўмак бериш мақсадида “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари “Қониратбай-Мехри” фермер хўжалигида бўлишди.
“Бугун мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари учун яратилган шароитлар, шу жумладан, божхона тўловларидан тақдим этилаётган имтиёзлар фермер хўжалигимизнинг ривожланиши учун катта туртки бўлмоқда – дейди хўжалик бошлиғи Есенбай Айтмуратов. – Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, келажакда ўз фаолиятимизни янада кенггайтириш ва иш ўринлари сонини ошириш, шунингдек, наслли қорамолларни ўзимизда кўпайтириш ниятимиз бор.”
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши, бугунги кунидан рози бўлиб, эртанги кунига янада катта ишонч пайдо бўлишига хизмат қилади. Зеро, тадбиркор бой бўлса, халқ бой бўлади!
Қорақалпоғистон Республикаси
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
7.08.2021