Дастлаб бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев божхона органларида “рақамли божхона”ни такомиллаштириш борасида тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бошқарма томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот бериб ўтди.
Божхоначилар билан ўтказилган олдинги галдаги мулоқотда 30 га яқин мурожаат келиб тушган эди. Жонли эфир орқали кўрсатувнинг ўзида барча саволларга мутахассислар жавоб қайтаришган, кўрсатувдан кейин мурожаатчилар билан телефон орқали боғланиб, тушунчалар бериб, яшаш манзилларига ҳам хатлар юборилганди.
Шу билан бирга муаллифи ва яшаш манзили кўрсатилмаган мурожаатларга тегишли тартибда жавоб тайёрланиб, вилоят нашрлари яъни “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари орқали етказилди.
Навбатдаги кўрсатув орқали 20 нафар ортиқ фуқаролардан божхоначиларга саволлар келиб тушди. Саволларга соҳа мутахассислари Божхона кодекси ҳамда божхона қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда аниқ ва тушунарли тарзда жавоблар қайтаришди.
Фуқаролар асосан божхона постлари орқали товарларни олиб ўтиш нормалари, божхона органларига ишга кириш тартиби, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби, хориждан автотранспорт воситаларини олиб кириш ва божхона расмийлаштируви жараёнида ундириладиган божхона тўловлари тўғрисидаги саволлар билан мурожаат қилишди.
Шунингдек, кўрсатув давомида телетомошабинларга бошқарма фаолияти тўғрисида ҳам маълумот бериб ўтилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизимидан самарали фойдаланилиши, хавфларни минималлаштириш чоралари қўлланилиши натижасида ўтган давр мобайнида давлат бюджетига 4.1 млрд. сўмлик қўшимча божхона тўловлари ундирилди.
2021 йил январь-июль ҳолатига кўра бошқарма томонидан жами 413 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 10 млрд. 784,9 млн. сўмлик товарлар ушлаб қолинган.
Шунингдек, ўтган давр давомида бошқармага 51 та юридик ва жисмоний шахслар томонидан ёзма мурожаатлар келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг барчаси белгиланган муддатларда ижрочилар томонидан кўриб чиқилиши таъминланган.
Бугунги кунда тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ва вилоят божхона бошқармасининг (66)-233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” 24 соат давомида ишлаши йўлга қўйилган.
“Очиқ мулоқот” якунида бу каби мулоқотлар давомий бўлиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришлари учун бошқарма эшиклари ҳамма вақт очиқлиги, ҳар бир мурожаат ўз вақтида ва юқори савияда кўриб чиқилиши таъкидлаб ўтилди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
6.08.2021