Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ўзгача замонавийлик касб этган ўзаро иқтисодий ҳамкорлик кундан кун ўсиб бораётганлигини ташқи савдо айланмасидан ҳам сезиш мумкин. Жумладан, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида давлатларимизнинг ўзаро товар айланмаси 3,72 млрд. АҚШ доллари бўлиб, экспорт 1,192 млрд. АҚШ долларини, импорт эса 2,537 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.
Экспорт таркибини таҳлил қилар эканмиз, бунда диёримизнинг қазилма бойлиги бўлмиш, газ (426,29 млн. АҚШ доллар, 35,7%), пешқадамлик қилаётганига гувоҳ бўламиз. Ватаниимизда текстиль саноатига қаратилаётган катта эътибор натижаси ўлароқ текстиль маҳсулотлари экспорти 420,9 млн. АҚШ доллар (35,3%) қийматини қайд этди.
Серқуёш юртимизнинг мева-сабзавотларига дунёнинг барча ерида талаб катта бўлгани сингари Россияда ҳам бунинг исботини топишимиз мумкин. Мисол учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 118,64 млн. АҚШ доллари (9,9%) қиймати билан экспорт салоҳиятимизга ўзининг сезиларли ҳиссасини қўшиб турибди. Бу рўйхатни ҳали узоқ давом эттиришимиз мумкин, бироқ шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, товар айланмасининг бу каби кўрсаткичлари хорижий дўстлариимиз ички бозорларида маҳсулотларимизга нисбатан талабнинг ошиб бораётганлигини билдиради.
Шунингдек, божхона хизматларимиз ўртасида тузилган “Соддалаштирилган божхона йўлаги” орқали экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда божхона амалиётининг соддалаштирилган тартибда қўлланилиши давлатларимиз орасидаги ўзаро ишончнинг янги босқичга кўтарилганлиги нишонасидир ҳамда бу ўз навбатида ҳалол тадбиркорларимизнинг фойдасига хизмат қилмасдан қолмаяпти.
Рақамлар ўз йўлига, асосийси қарашларимиздаги ҳамжиҳатлик ўртамиздаги дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Буларнинг барчасини давлатимизда дўстоналикка йўғрилган оқилона сиёсат натижаси деб баҳолашимиз мумкин.
М.Мўминов
19.10.2018