Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Янги лойиҳа: Божхона кодексида Низоларни судгача ҳал қилиш тартиби жорий этилмоқда
3958
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 декабрдаги “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Киото, 1973 йил 18 май, 1999 йил 26 июнда қабул қилинган ўзгартиришлар билан) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги ЎРҚ-654-сон Қонуни билан республикамиз мазкур халқаро ҳужжатга қўшилди.
Янги лойиҳа: Божхона кодексида Низоларни судгача ҳал қилиш тартиби жорий этилмоқда

Конвенциянинг асосий мақсади – ахборот технологиялари ва хавфларни бошқариш тизимларини қўллаш, чегарада назорат қилувчи бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш асосида божхона тартиботларини бирхиллаштириш ва соддалаштиришга қаратилган.

Юқоридаги Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси Конвенциянинг “Е” Махсус иловаси (Транзит) 3-бобидан (Товарларни каботаж ташиш) ташқари Конвенциянинг барча иловалари ва бобларини қабул қилди.

Халқаро Конвенциянинг мажбурият юкловчи қоидалари стандартлар, ўтиш даври белгиланган стандартлар ва амалда қўллаш бўйича тавсиялар шаклида тузилган бўлиб, унинг 13-моддасига асосан стандартлар ва тавсияларни миллий қонунчиликка имплементация қилишга 36 ой (3 йил), ўтиш даври белгиланган стандартларни амалга ошириш учун 60 ой (5 йил) муддат белгиланган.

Конвенция Бош иловасининг 10-бобида асосан божхонага оид масалалар бўйича шикоят қилиш ва низоларни судгача ҳал қилиш бўйича тартиботларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш мақсадида Божхона кодексига тегишли қўшимчалар киритилмоқда.

Маълумот учун: Божхона органларининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ 2019 йилда 15 та, 2020 йилда 29 та низоли ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган бўлиб, бу тадбиркорларнинг турли суд инстанцияларидаги оворагарчилигига сабаб бўлмоқда.

Таклиф этилаётган янги тизим асосида мавжуд низоларни дастлаб божхона органларида ҳал этиш ва бу орқали судда кўрилаётган низоларни ўртача икки бараварга қисқартиришга эришилади.

Шунга ўхшаш тартибни миллий қонунчиликка жорий этиш бўйича  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4850-сон Фармонида ҳам ўз аксини топган.

Низоларни судгача ҳал қилиш тартиби бу тарафларнинг юзага келган низолар (келишмовчиликлар)ни суд органларининг аралашувисиз ҳал қилишга қаратилган биргаликдаги ҳаракатлари тушунилади.

Маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низолар, аризачининг хоҳишига кўра судгача ёки суд тартибида ҳам  ҳал қилиниши мумкин.

Масалан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 271-моддасига мувофиқ  ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилишга ҳақли.

Давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиниши судга шикоят қилиш ҳуқуқини истисно этмайди. 

Низоларни судгача, яъни суд муҳокамасисиз ҳал қилиш тартибидан ҳар бир тараф манфаатдор.

 Биринчидан, талабнома юборувчи қисқа муддатда бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклашга эришади.

 Иккинчидан, тарафлар даъвони расмийлаштириш ва уни судга тақдим қилиш, даъвони судда кўриш жараёнида иштирок этиш билан боғлиқ вақтлари ва маблағларини тежайдилар.

 Учинчидан, давлат божини тўлаш ва суд чиқимлари билан боғлиқ харажатлар олди олинади.

Тўртинчидан, шартномавий муносабат иштирокчилари ўртасидаги ишонч ва ҳамкорлик мустаҳкамланади ҳамда келажакда  ҳамкорликни янада ривожлантиришга шароит яратилади.

Ҳозирги даврда низоларни судгача ҳал қилиш давлат органлари ва ташкилотлари учун бузилган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг афзал шакли бўлиб, давлатга ҳам, фуқаролар ва юридик шахсларга ҳам муаммоларнинг самарали ечими ҳисобланади.

Низоларни судгача ҳал қилиш бўйича келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш учун божхона органи Апелляция комиссиясини ташкил этади.

Апелляция комиссиясининг таркиби ва шикоятни кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.

Апелляция комиссияси мурожаатларни кўриб чиқишда тенг ҳуқуқлилик, холислик, қонунийлик, коллегиаллик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллигини таъминлайди, мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилади, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларни мурожаат этувчининг фойдасига талқин қилиш принципларига асосланади.

Апелляция комиссияси мурожаатни кўриб чиқишда мурожаат этувчилар, шунингдек, бошқа манфаатдор шахслардан мурожаатни кўриб чиқиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва маълумотларни сўраб олиш, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларидан ахборот-таҳлилий материалларни белгиланган тартибда сўраш, қўшимча экспертиза тайинлаш, уни ўтказиш учун мустақил эксперт ва маслаҳатчиларни жалб этиш, зарурат бўлганда, мурожаатларни кўриб чиқишда қатнашиш учун давлат органлари, илмий ва таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотларидан мутахассис ва экспертларни таклиф қилиш каби ҳуқуқларга эга.

Шукурулло Мўминов,

Божхона маъмурчилигида илғор ва

инновацион усулларни жорий этиш

бошқармаси бош инспектори

5.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг