Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради
4613
Давлат божхона қўмитасида жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш юзасидан мавжуд шарт-шароитларга нисбатан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеомурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

2021 йилнинг 9 июль куни ижтимоий тармоқларда Давлат божхона қўмитасида жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш хонасида етарли шарт-шароитлар мавжуд эмаслиги ҳақида видеомурожаат эълон қилинди.

Давлат божхона қўмитаси видеомурожаатда тавсирга туширилган хона фуқароларни қабул қилиш хонаси эмас, аксинча жисмоний ва юридик шахслар ҳамда почта хизматлари томонидан олиб келинадиган хат-ҳужжатларни қабул қилиш хонаси эканлигини маълум қилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Давлат божхона қўмитасида мурожаатлар билан ишлашда божхона органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи алоҳида таркибий-тузилма - Мурожаатлар билан ишлаш бўлими ташкил қилинган.

Барча божхона органлари, шу жумладан, энг олис чегара ҳудудларида қийин шароитларда фаолият юритаётган божхона постларида ҳам жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш учун зарур шарт-шароитга эга бўлган ва замонавий талаблар асосида жиҳозланган қабулхоналар ташкил қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ўтган даврида Давлат божхона қўмитасига жисмоний ва юридик шахслардан жами 1132 та мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларнинг 980 таси (86,5 %) жисмоний шахсларга, 152 таси (13,4 %) юридик шахсларга тегишли.

Жумладан, ДБҚ раҳбарияти томонидан 60 маротаба сайёр қабуллар ўтказилди. Ўтказилган сайёр қабулларда 500 нафардан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, жисмоний ва юридик шахслар иштирок этди.

Сайёр қабулларда келиб тушган 154 та мурожаатларининг 85 таси (55,1%) жойида ижобий ҳал этилди, 17 таси (11%) тегишлилиги бўйича бошқа идораларга юборилди ва 52 таси (33,7%) бўйича амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

11.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг