Асосан озиқ-овқат товарлари ва тозалик воситаларини Европа, Россия, Хитой ва бошқа мамлакатлардан импорт қилувчи Келесдаги “SUPPORT SAMARQAND” МЧЖ томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 270 та божхона юк декларациялари “Келес” ТИФ божхона постига тақдим қилинган.
Божхона органлари фаолиятига жорий қилинган “Хавфларни бошқариш” тизимида мазкур декларацияларнинг 91 фоизи “яшил” ва “сариқ” йўлак орқали расмийлаштирилган. Содда қилиб айтганда, корхонага тегишли товарлар ҳеч қандай божхона кўрикларисиз божхона расмийлаштирувидан ўтказилган. Яъни, ҳалол ва қонунга итоаткорлиги сабабли ушбу тадбиркорлик субъектига ишонч биллирилган. Аслида бу ҳам ўзига хос рағбат – тадбиркорнинг вақти ва ҳаражатлари тежалмоқда.
Вахоланки, атиги 4-5 йил аввал ҳам тадбиркорларнинг барча юклари ҳужжатларида камчилик бўлиш-бўлмаслигидан қатъий назар ёппасига текшириларди. Бунинг учун қанча вақт йўқотилар, юклар божхона омборларидан ойлаб қолиб кетарди.
Энди эса тадбиркор товарларини бевосита ўз омборига туширмоқда. Йил бошидан буён ушбу корхона четдан келтирилган 7.9 млн. АҚШ доллари қийматидаги товарлар учун давлат бюджетига 18,3 млрд. сўмлик божхона тўловларини тўлаган.
Бу жараёнларнинг барчасини тадбиркор ўз идорасидан чиқмасдан туриб амалга оширади. Божхона ходими билан кўришиб, тўғридан тўғри мулоқотга киришга умуман ҳожат йўқ.
Таъкидлаш жоизки, ушбу корхона ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга.
2019 йил 1 февралдан бошлаб, инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни назарда тутувчи халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлари институти жорий этилган эди.
Бугунги кунда республикада ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга бўлган 30 дан ортиқ юридик шахс божхона операцияларини амалга оширишда махсус соддалаштиришлардан фойдаланиб келмоқда.
Ҳозирда ваколатли иқтисодий операторлар учун божхона юк декларацияси тақдим этилгунга қадар товарларни чиқариб юбориш бўйича янги махсус соддалаштириш жорий этилди.
Энг катта қулайликлардан бири шундаки, ваколатли иқтисодий операторлар божхона тўловларини бўлиб-бўлиб ёки кечиктириб тўлаш имконига эгалар. Шунингдек. ишлаб чиқаришда зарур бўлган хом ашё ва товарларни божхона омборига туширмасдан туриб, ўз омборларига тўғридан тўғри тушириш имкониятига эга бўлишмоқда.
Чирчиқ шаҳридаги мана бу тўқимачилик корхонаси ҳам божхонадаги қулайликлар ва енгилликлардан самарали фойдаланиб келмоқда.
Йил бошидан буён ушбу корхонада ишлаб чиқарилган қиймати 19 млн. долларлик маҳсулотлар АҚШ, Беларус, Болгария, Венгриея, Германия, Финляндия, Россия, Молдова. Туркия, Корея, Озарбайжон. Қозоғистон каби ўнлаб мамлакатларга экспорт қилинган. Экспорт кўрсаткичи ўтган йили 16.3 млн. долларини ташкил қилганини инобат олсак, жорий йилда кўрсаткичлар сезиларли равишда ўсди.
Йил бошидан буён корхонага четдан келтирилган қиймати 6.7 млн. долларлик технологик асбоб-ускуна ва хомашёлар учун божхона тўловларидан 4.6 млрд. сўмлик имтиёзлар қўлланилди.
Мазкур жараёнлар божхонада 320 та божхона юк декларациялари асосида расмийлаштирлиган бўлиб, мазкур декларацияларнинг 97 фоизи “яшил” ва “сариқ” йўлакларда расмийлаштирилган.
Тадбир давомида барча журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.
29.07.2021