Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона аудити: Ҳалол тадбиркорга рағбат
3646
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2020 йил 5 июндаги ПФ–6005-сон Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси божхона маъмуриятчилигида божхона аудити тизими жорий қилинди.

Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси 2020 йил 21 декабрда Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (кейинги ўринларда Киото конвенцияси) қўшилган бўлиб, ҳар бир аъзо бўлган давлат ўз миллий қонунчилигидаги нормаларни Киото конвенциясидаги стандартларга мувофиқлаштириши лозим.

Киото конвенцияси бош иловасининг 6.6-стандартида аудит усулларига асосланган назорат божхона назорати тизими эканлиги белгиланган.

Шунингдек, Киото конвенциясининг 2-бобида (E3./F4.) “аудит усулларига асосланган назорат” бу манфаатдор шахсларнинг тегишли ҳисоб китоблари, ҳужжатлари, бизнес тизимлари ва тижорат маълумотларини текшириш орқали декларацияларнинг тўғри тўлдирилганлигига ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини таъминлашга имкон берадиган чоралардан иборат эканлиги кўрсатилган.

Шуларга кўра, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдосини ривожлантириш, товарларнинг божхона расмийлаштирувида сарфланаётган вақт ва харажатларни қисқартириш, ҳалол ташқи иқтисодий фаолият (кейинги ўринларда ТИФ) иштирокчиларини рағбатлантириш ҳамда халқаро шарномалар қоидалари ва стандарларини миллий божхона тартиботларига имплементация қилиш каби устувор мақсадларга эришиш учун божхона аудити тизими жорий этилмоқда.

Жорий йил 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 101-сон қарори қабул қилиниб, 2021 йил 1 майдан кучга кириши белгиланди ва қуйидагилар жорий қилинди:

  • божхона аудитини ўтказиш тартиби;
  • божхона аудити тамойиллари, божхона аудитидан ўтказиладиган шахсларни танлаш усуллари ва механизми;
  • божхона аудитидан ўтказилашидан аввал ТИФ иштирокчисини хабардор қилиш тартиби;
  • ТИФ иштирокчиси ўзини мустақил равишда ички бухгалтерлик ёки аудиторлик текширувини ўтказиш ҳуқуқи;
  • божхона аудити натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқалар.

Божхона аудитини амалга оширишда ахборот технологияларни кенг жорий қилиш мақсадида “Божхона аудити” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

“Божхона аудити” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ТИФ иштирокчилари фаолиятини баҳолаш мақсадида уларни инсон омилисиз автоматлаштирилган тарзда танлаб олиш ва божхона аудитига оид барча ҳужжатлар электрон шаклда расмийлаштириш, мазкур ҳужжатларни
ТИФ иштирокчиларининг шахсий кабинетига электрон шаклда юбориш имкониятлари яратилди.

Божхона аудитидан ўтказиш учун декларант, импортчи, юкни қабул қилувчи, товарларга нисбатан молиявий тартибга солиш учун жавобгар шахслар, ташувчи, божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони ва эркин омбор эгалари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган бошқа шахслар “Божхона аудити” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали инсон омилисиз танлаб олинади.

“Божхона аудити” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали божхона аудити учун танланган шахларга нисбатан камерал ва сайёр шаклда божхона аудити ўтказилади.

Камерал божхона аудитида божхона органлари томонидан божхона аудитини божхона аудитидан ўтказиладиган шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудга бормаган ҳолда масофавий ўтказилади.

Сайёр божхона аудитида божхона органлари томонидан божхона аудитини божхона аудитидан ўтказиладиган шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудда ёхуд товарлар жойлашган жойда ўтказилади.

Божхона аудитидан ўтказиладиган шахсларга нисбатан сайёр божхона аудити ўтказилиши тўғрисидаги божхона органи қароридан хабардор бўлиш, у тўғрисидаги қарор билан танишиш ва нусха олиш, ўтказилган божхона аудити натижалари юзасидан шикоят қилиш, божхона аудити ўтказиш бошлангунига қадар мустақил равишда ички бухгалтерлик ёки аудиторлик текширувини ўтказиш каби ҳуқуқлар берилган.

Божхона аудитини институтининг жорий этилиши орқали қуйидаги натижаларга эришилади:

божхона назорати ва расмийлаштируви билан боғлиқ тартиб-қоидалар бўйича ички норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шартлари халқаро шартнома қоидалари ва стандартларидаги талабларга уйғунлашади;

хавфни бошқариш соҳасидаги божхона органлари фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади;

ҳалол ташқи савдо субъектларига нисбатан янада соддалаштирилган божхона тартиботларини самарали қўллаш орқали товарлар божхона назоратидан ўтказиш вақти ва харажатларининг қисқариши имконини беради;

товарларнинг божхона расмийлаштируви тезлаши ва сарфланаётган харажатлар қисқариши натижасида мамлакат ташқи савдоси ривожланади;

ТИФ иштирокчилари томонидан йўл қўйилган хатоликларни ўзлари мустақил аниқлашга олиб келиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигига хизмат қилади.

Х.Бойбеков
Контрабандага қарши курашиш
ва божхона аудити бош бошқармаси,
Божхона аудити бошқармаси бош инспектори

3.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг