Зотан, пиротехника воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш оқибатида жабр чеккан, ҳаттоки бир умрга майиб-мажруҳ бўлиб қолган ёшлар ҳақида кўп эшитганмиз.
Гарчи, янги йил арафасида истаймизми-йўқми бу турдаги маҳсулотларнинг “бозори қайнаса-да”, айрим “учар”ларнинг ҳозирданоқ “отни қамчилаётгани”ни кузатишимиз мумкин.
Яқинда Қорақалпоғистон божхона бошқармаси ходимлари томонидан пиротехника буюмларининг ноқонуний олиб кирилишини фош қилишди.
“Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона постида “Волгоград-Тошкент” йўловчи поезди амалдаги тартибларга мувофиқ божхона кўригидан ўтказилганида, фуқаро А.Г. йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган ва сумкалари ичига хуфёна тарзда яширилган ҳар хил номдаги 57 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Шунингдек мазкур поезд йўловчиси У.С.нинг ҳам қинғир ишларига чек қўйилди. Қарангки ушбу фуқаро ҳам турли номдаги 32 дона пиротехника воситаларини сумкалари ичига хуфёна тарзда яширган ҳолда юртимизга олиб кирмоқчи бўлган экан.
Мазкур пиротехника воситаларининг умумий оғирлиги 4,8 кг.ни ташкил қилди.
Ҳозирги вақтда божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
21.10.2018