Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сиз Одамсиз, товар эмас!
4134
"30 июль - Халқаро одам савдосига қарши курашиш куни"га бағишланади.
Сиз Одамсиз, товар эмас!

“Одам савдоси”  – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг ўзга шаклларини, мажбурий меҳнатни ёки хизматларни, қулликни ёхуд қулликка ўхшаш одатларни, эрксизлик ҳолатини ёхуд инсон аъзоларини, тўқималарини ва (ёки) ҳужайраларини ажратиб олишдир.

Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни.

Бугунги кунда аср муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ачинарлиси, ушбу иллатни олдини олишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари олиб борилишига қарамай, миллионлаб инсонлар одам савдоси қурбонига айланмоқда. Ушбу жиноятнинг ривожланишига сабаб бўлаётган омиллардан бири фуқароларнинг хорижга бориш ва меҳнат қилишнинг тартиб-қоидалари хусусида етарлича маълумотларга эга бўлмаслиги ҳамда фирибгарлар тузоғига илиниб қолишидадир.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, XIX аср охири ва XX аср бошларида аёлларнинг Европадан Америка ва Шимолий Африка қитъаларига кенг кўламли миграцияси ҳамда аёлларни Европага сотиш ҳодисаси кузатилган. Аёллар савдосини йўқ қилиш мақсадида Парижда 1902 ва 1910 йилларда иккита конференция ўтказилиб, "Оқ қуллар савдосига қарши кураш" номли бутунжаҳон Конвенцияси қабул қилинди. Кейинроқ ушбу конвенция "Аёллар ва болалар савдосини йўқотиш" ва "Вояга етган аёллар савдосини йўқотиш" номли бутунжаҳон Конвенциялари билан тўлдирилди. Бу одам савдосига қарши курашишнинг илк қадамлари эди.

Одам савдоси муаммосига қарши курашишнинг кейинги тарихий жараёнлари янада ривожланиб, 1948 йилда "Инсон ҳуқуқлари" умумжаҳон Декларацияси қабул қилинди. Шундан сўнг "Инсон ҳуқуқларининг Европа Конвенцияси", "Қуллик хусусида"ги Конвенция, "Қулликни йўқотиш амалиёти тўғрисида"ги қўшимча Конвенция, "Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги Конвенция, "Аёлларга қарши дискриминациянинг ҳар қандай кўринишларига қарши кураш тўғрисида"ги Конвенциялар қабул қилиниб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланила бошланди.

Айни пайтда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган бу турдаги жиноят дунё миқёсида кенг тарқалмоқда. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабр кўрганлар сони бир неча миллионларни ташкил қилмоқда. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг асосий қисмини аёллар ва болалар ташкил қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ҳозирги кунда мазкур жиноят бутун дунё ҳамжамиятини ҳавотирга солмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этиши юқорида таъкидлаб ўтган хавотир қанчалик ўринли эканлигини англатиб турибди.

2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг “Глобал ҳаракат дастури”ни қабул қилди. Мазкур ҳаракат дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилди.

2013 йилда эса 30 июлдаги мазкур резолюция тасдиқланган сана муносабати билан БМТ томонидан “30 июль - Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни” деб эълон қилинди.

Қайд этиш лозимки, Республикамизда ҳам одам савдосини олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди ҳамда 2020 йил 17 августда  “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрирда қабул қилинганлиги шулар жумласидандир.

Мазкур Қонунга мувофиқ “Одам савдоси” тушунчасига юқорида тўхталиб ўтган бўлсакда, янги тахрирдаги қонун билан танишар эканмиз яна янги тушунчаларга хам дуч келамиз. Жумладан:

вояга етмаган шахс савдоси - “одам савдоси” деган тушунчада кўрсатилган таъсир ўтказиш воситаларидан фойдаланилган-фойдаланилмаганлигидан қатъи назар, ҳар қандай ҳаракат ёки битим бўлиб, улар воситасида вояга етмаган шахс ота-онаси, бошқа қонуний вакили ёки ўзга шахс томонидан қонунга хилоф равишда ундан фойдаланиш мақсадида ёхуд моддий ёки бошқа наф олиш мақсадида бошқа шахсга ҳақ эвазига берилади;

мажбурлаш - мажбурланаётган шахсни унинг иродасига қарши ёки иродасини четлаб ўтиб, бирор-бир ҳаракатни амалга оширишга ёки бирор-бир ҳаракатни бажаришни мажбурловчи шахснинг ёки бошқа шахсларнинг фойдаси учун рад этишга ундаш мақсадидаги жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонлик ёки уларни қўллаш таҳдиди;

одам савдосидан жабрланган шахс - одам савдосидан, бундай ҳаракатга розилик берганлиги-бермаганлигидан ва жиноят процессида иштирок этганлиги-этмаганлигидан қатъи назар, жабрланган жисмоний шахс;

одам савдосига қарши курашиш - одам савдосининг олдини олишга, уни аниқлашга, унга чек қўйишга, унинг оқибатларини камайтиришга, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга доир фаолиятдир.

Айтиш лозимки, одам савдоси трансмиллий жиноятига қарши курашиш борасида унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, шунингдек жиноятни содир этишини олдини олиш фикримизча энг самарали усулдир.

Бу борада божхона хизмати органларида ҳам, жумладан Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан профилактик нуқтаи назардан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, яъни Бошқарманинг “Дўстлик” ва “Маданият” чегара божхона постларида одам савдоси, шунингдек, чақалоқ савдоси жиноятининг оғир оқибатлари, ишлаш ёки бошқа мақсадида чет давлатларга ҳаракатланаётган фуқароларни одам савдоси қурбонига айланиб қолиши эҳтимолидан огоҳлантирувчи 20 дан ортиқ флаерлар ва баннерлар фуқаролар учун кўринарли жойларга ўрнатилган бўлиб, монитор орқли одам савдоси жиноятининг салбий оқибатларини ўзида акс эттирган 10 дан ортиқ видероликлар доимий равишда намойиш қилиб келинмоқда. 

Чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган фуқаролар билан доимий равишда одам савдоси, шунингдек, чақалоқ савдоси жиноятининг оғир оқибатлари, ишлаш ёки бошқа мақсадида чет давлатларга ҳаракатланаётган фуқароларни одам савдоси қурбонига айланиб қолмасликларини олдини олишга қаратилган профилактик суҳбатлар ўтказилиб келинмоқда. Ўйлаймизки, бундай профилактик тадбирларнинг амалга оширилиши аср муаммоси ҳисобланмиш одам савдоси жиноятини кескин камайишига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина, шунингдек нафақат ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар томонидан курашилса, балки фуқаролар томонидан ҳам бу иллатга қарши муросасиз муҳит яратилса яхши самара бериши мумкин.

Зеро, одам савдоси, унинг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний ва ғайри ахлоқий равишда айнан инсон томонидан камситилиши, йўққа чиқарилиши – кечириб бўлмас жиноятдир!

Азаматжон Ўринбоев, 
Андижон вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати бош инспектори

30.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг