Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тошкентда бир шахс номига почта жўнатмаси орқали кетма-кет заргарлик буюмлари юборилганлиги фош қилинди
1610
Умумжаҳон почта Конвенцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2011 йил 18 апрелда 2219-сон билан рўйхатга олинган “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш” Қоидаларига асосан қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик буюмларини почта жўнатмалари орқали юборилиши ман этилган.
Тошкентда бир шахс номига почта жўнатмаси орқали кетма-кет заргарлик буюмлари юборилганлиги фош қилинди

Халқаро почта иттифоқи аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикасида ҳам Умумжаҳон почта Конвенциясига мувофиқ, жўнатилаётган почта жўнатмалари бўйича CN 23 шаклидаги божхона декларациялари тўлдирилиши лозим ҳамда мазкур декларацияда юборилаётган барча товарларнинг номлари қайд қилиниши белгилаб қўйилган.

Аммо шунга қарамасдан, мазкур тартибларга риоя қилмай қимматбаҳо заргарлик буюмларини почта жўнатмалари орқали ноқонуний йўллар билан олиб киришга уринаётган шахслар ҳам йўқ эмас.

Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан шу турдаги қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинди.

Жумладан, Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Т.Р. номига Украинадан юборилган почта жўнатмаси амалдаги тартибларга мувофиқ  кўздан кечирилганда, тегишли божхона декларациясида кўрсатилмаган  тилла ва кумушдан ишланган 24 та зирак ва узуклар тўплами борлиги аниқланди.

Оғирлиги 284 гр бўлган мазкур тақинчоқларнинг умумий қиймати  дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 42,5 млн. сўмни ташкил этмоқда.

Қизиғи шундаки, орадан 8 кун ўтмай Украинадан яна ушбу шахс номига келиб тушган почта жўнатмасини божхона кўригидан ўтказиш давомида божхоначилар яна қонунбузарлик ҳолатини фош қилишди.

Бу галги жўнатмада ҳам дастлабки ҳисоб-китобларга кўра қиймати 47,5 млн. сўмлик, умумий оғирлиги 238 гр бўлган турли хил тилла ва кумуш тақинчоқлар юборилганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

 

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

20.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг