Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда автотранспорт воситаларни кузатиб бориш тизими жорий этилади
3809
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 июлдаги 428-сон билан тасдиқланган “Халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда автотранспорт воситаларини кузатиб бориш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида”ги Вақтинчалик Низом талабларига кўра, жўнатувчи божхона органи томонидан автотранспорт воситаларига электрон пломбалар қуйидаги ҳолларда ўрнатилади ва манзил божхона постида ечиб олинади:

Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими томонидан белгиланганда;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан олдиндан олинган тезкор маълумотлар асосида;

божхона назоратининг техник воситаларини қўллаш якунлари бўйича амалдаги маълумотларнинг товарга илова қилинган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга номувофиқлиги аниқланганда;

юк жўнатувчи, юк қабул қилувчи ёки ташувчининг талабига кўра.

Қуйидаги ҳолларда автотранспорт воситаларига электрон пломбалар ўрнатилмайди:

товар ва транспорт воситалари божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилганда;

тирик ҳайвонлар ташилаётганда;

товарлар «Автоматлаштирилган тарзда чиқариб юбориш» ахборот тизими орқали экспорт божхона режимига расмийлаштирилганда (қўшимча равишда бошқа товарлар ортилган ҳолатлар бундан мустасно);

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ махсус божхона пломбалари қўйишнинг имкони бўлмаган бошқа ҳолларда.

Автотранспорт воситалари ҳаракатланиш йўналиши ва давомийлиги уларга ўрнатилган электрон пломбалар асосида Давлат божхона қўмитасининг Ситуацион маркази ҳамда ҳудудий бошқармалари томонидан махсус электрон дастур ёрдамида кузатиб борилади.

Электрон пломбалардан фойдаланганлик учун йиғим ушбу турдаги пломба ўрнатилган автотранспорт воситаси ҳаракатланган масофасидан келиб чиққан ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан ҳисоблаб чиқилади. Электрон пломбалардан фойдаланганлик учун йигим миқдори ва унинг тақсимоти Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Электрон пломбадан фойдаланганлик учун ҳисобланган йиғим жўнатувчи божхона постида божхона органлари томонидан ташувчидан ундириб олинади. Тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш даврида электрон пломбалардан фойдаланганлик учун йиғим ундирилмайди

Божхона органларида электрон пломбалардан фойдаланишда Давлат божхона қўмитаси электрон пломбалар ҳамда улардан фойдаланиш бўйича дастурий таъминот ва техник воситалар билан миллий оператор томонидан таъминланади.

Бунда миллий оператор:

Давлат божхона қўмитаси кўрсатмасига асосан электрон пломбаларни божхона постлари ўртасида тақсимлайди ва уларнинг таъминотини амалга оширади;

электрон пломбалардан фойдаланган ҳолда товарларни ташиётган автотранспорт воситаларини кузатиб бориш бўйича мобил илова хизматларини кўрсатади;

Электрон пломбалардан фойдаланган ҳолда товарларни ташишда ташувчи томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги оқибатида электрон пломбага етказилган зарар ташувчидан манзил божхона постида божхона органлари томонидан ундириб олинади.

Сайдулло Ботиров

«Наманган» ТИФ божхона пости

инспектори

 

28.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг