Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
ТАҲЛИЛ: «Даут-ота» чегара божхона пости орқали ташқи савдо юкларининг ҳаракати ўсмоқда.
4205
Мамлакатимизнинг шимолий дарвозаси ҳисобланувчи “Даут-ота” чегара божхона пости юртимизнинг қўшни Қозоғистон Республикаси ва у орқали дунё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларида алоҳида аҳамият касб этувчи постларидан ҳисобланади.
ТАҲЛИЛ: «Даут-ота» чегара божхона пости орқали ташқи савдо юкларининг ҳаракати ўсмоқда.

Бутун дунё мамлакатлари қатори республикамизда ҳам кузатилаётган бугунги пандемия шароитига қарамасдан ушбу пост орқали ташқи савдо юкларини ўз манзилларига элтувчи юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати бетўхтов давом этмоқда.

Карантин талабларига риоя қилиниши бўйича барча шароитлар яратилган ушбу постда божхона ходимларининг 24 соатлик иш режимида сергак туриб, давлатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, замонавий назорат техник воситаларини қўллаган ҳолда божхона назоратини самарали ва тез фурсатларда амалга оширишлари йўлга қўйилган.

2021 йилнинг биринчи ярми давомида “Даут-ота” чегара божхона пости орқали жами 50 276 та автотранспорт воситалари қириш, чиқиш ва транзит йўналишларида ҳаракатланган. Шундан 46174 таси (умумий ҳаракатланган автотранспорт воситаларининг 91%) юк автотранспорт воситалари бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (32 318 та) юк автотранспорт воситалари ҳаракати 42,8% га ортган.

Постнинг бир кунлик автотранспорт воситаларини ўтказувчанлик қобилияти ўртача 260-300 га тўғри келади. Ҳар бир автотранспорт воситасининг божхона постидан киришидан бошлаб, чегара, фитосанитария, карантин ва божхона назорати ҳамда расмийлаштируви учун ўртача ҳисобда 1-1,5 соат вақт сарфланмоқда.

Жорий йил бошидан мазкур пост орқали юк автотранспорт воситаларида 108 миллион 863 минг АҚШ доллари қийматидаги 287 минг 713 тонна товарлар кириш йўналишида, 752 миллион 342 минг АҚШ доллари қийматидаги 329 минг 599 тонна оғирликдаги ташқи савдо юклари чиқиш йўналишида олиб ўтилган.

Ушбу кўрсаткичлардан “Даут-ота” чегара божхона постининг нафақат мамлакатимиз ташқи савдо алоқалари, балки, қўшни ва учунчи давлатлар ташқи савдо товарлари учун ҳам муҳим стратегик аҳамият касб этишини пайқаш қийин эмас.

“Даут-ота” чегара божхона пости орқали ноқонуний ҳаракатланаётган товар моддий бойликлар, тақиқланган гиёҳванд модда ва психотроп воситаларнинг юртимизга кириб келиши ва маданий бойликлар, шунингдек, олиб чиқилиши чекланган ёки тақиқланган товар моддий бойликларнинг ноқонуний олиб чиқилишининг олдини олиш борасида пост ходимлари томонидан қатор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Бунинг натижасида ўтган 6 ой давомида 58 та  божхона қонунбузулиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, қиймати 1 миллиард 498 миллион сўмга тенг товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида белгиланган тартибда тўхтатиб қолинган.  

21.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг