Жумладан, “С.Нажимов” чегара божхона постида қўшни давлатга пиёда ҳолда чиқиб кетаётган фуқаро С.Г.нинг қўл юклари рентген аппаратидан ўтказилганда, унга тегишли сумкада йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ҳамда оғзаки сўровда маълум қилинмаган 5603 АҚШ доллари ва 100 Россия рубли яширинча олиб чиқиб кетилаётганлиги аниқланди.
Мазкур пост орқали ҳаракатланган яна бир фуқаро А.Т.нинг қўл юклари ҳам рентген аппаратидан ўтказилганда шунга ўхшаш ҳолат фош қилинди. Унинг сумкаси холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганда, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ҳамда оғзаки сўровда маълум қилинмаган 5000 АҚШ доллари яширинча олиб чиқиб кетилаётганлиги маълум бўлди.
“Ғишткўприк” чегара божхона постида ҳам бир куннинг ўзида нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига доир 3 та божхона қоидабузарлиги фош этилди.
Қўшни давлатга йўл олган фуқаро У.О.нинг безовталаниши божхоначиларда бежиз шубҳа уйғотмаган экан. Ушбу шахс холислар иштирокида ва белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, чўнтагидаги 5000 АҚШ долларини божхона назоратига тақдим қилмагани маълум бўлди.
Шунингдек, республикамиздан чиқиб кетаётган яна бир фуқаро М.Б. ҳам шахсий кўрик давомида божхоначилар қаршисида ер чизиб қолди. Қарангки, ушбу шахс чўнтагида “пайдо” бўлиб қолган 5250 АҚШ доллари ҳақида божхона назоратидан ўтиш вақтида маълум қилишни “унутиб” қўйибди.
Шу куни Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан бир гуруҳ шахсларни ташмачиликка ёллаган ҳолда нақд хорижий валюталарни ноқонуний йўллар билан олиб чиқишга уринган фуқаро Ш.З.нинг қинғир қилмишларини фош қилишди.
У маълум бир ҳақ эвазига 8 нафар шахсларни ташмачиликка ёллаган ҳолда, 1 млн. 350 минг Россия рублини республикамиздан олиб чиқмоқчи бўлган вақтда тўхтатиб қолинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.
Чет эл фуқаролари эса Ўзбекистонга кириш чоғида олиб кирган миқдордаги нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиб кетишлари мумкин.
Белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун Марказий банкнинг ҳудудий бошқармалари томонидан бериладиган рухсатномалар талаб этилади.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
19.10.2018