Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жаҳон божхона ташкилоти экспертлари Тошкентда
2431
Давлат божхона қўмитасида халқаро экспертлар иштирокида “Замонавий халқаро мажбуриятларга мувофиқ принципиал ривожланишга кўмаклашиш” мавзусида ўқув тренинги ўз ишини бошлади.
Жаҳон божхона ташкилоти экспертлари Тошкентда

Давлат божхона қўмитасининг ташаббуси ва таклифига биноан ўтказилаётган ушбу тадбирда Жаҳон божхона ташкилоти экспертлари О.Жалитова ва И.Кикилик коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро стандартлар ва тажриба, бу йўналишдаги сўнгги тенденциялар ҳақида маърузалар ва тренинг машғулотларини олиб боришмоқда.

 

 

 

Шу сабаб тадбирда республикамизнинг барча ҳудудларидан бевосита ушбу соҳага алоқадор божхона ходимлари иштирок қилишмоқда.

Тадбирни очар экан, Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари А.Асомов меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қизғин муборакбод этди. Шунингдек, ушбу тренингни ташкил этишдаги ҳиссаси учун Жаҳон божхона ташкилоти Котибияти ва Бош котиби Кунио Микурияга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Таъкидланганидек, юртимизда коррупцияга қарши курашиш янги ва янада фаол босқичга кўтарилган. Буни бевосита давлат божхона хизмати органлари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳам сўзимиз тасдиғидир. Ушбу ҳужжатга биноан божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати обрўсини ошириш Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари бири сифатида қайд этилди.

Шу мақсадда ҳозирда божхона органларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича институционал ўзгаришлар, уларнинг вазифа ва функцияларини оптималлаштириш, божхона органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, божхона назорати самарадорлигини ошириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

 

 

111.jpg

Ўқув-тренинги унда иштирок қилаётган божхона ходимларига коррупцияга қарши курашиш бўйича дунё бўйлаб орттирилган бой тажриба ва самарали усуллар билан танишиш имконини беради.

Шунингдек, интерфаол усулларда ва қизғин савол-жавоблар давомида коррупцияга қарши курашиш йўналишида Ўзбекистон ва хориж тажрибасини таққослаган ҳолда муҳокамалар олиб борилади.

 

Ҳусан Тангриев

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати катта инспектори

29.06.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг