Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши кураш янги босқичга олиб чиқилмоқда
1592
Дунёнинг барча тараққий этаётган давлатлари қаторида бизнинг мамлакатимизда ҳам коррупция иллатига қарши кураш долзарб аҳамият касб этади. Унга қарши ҳар соҳада, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича қатор чора-тадбирлар режали асосда амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кескин кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони талаблари билан юртимизда жорий этилган коррупцияга қарши кураш янги босқичга олиб чиқилди, десак муболаға бўлмайди.

Чунки, айнан ушбу фармон билан  «Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри» юритилиши белгилаб берилди ҳамда ушбу реестрга киритилган шахсларнинг давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши, сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши, улар томонидан таъсис этилган ва улар иштирокчиси ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда иштирокчи сифатида қатнашиши, шунингдек, давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиши, шунингдек, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши тақиқланди.

Бу эса давлатимизда коррупцияга қарши аёвсиз муносабатнинг шаклланиши ва ҳар бир мансабдор шахсдан оддий фуқарогача коррупция иллатидан узоқ бўлиб, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан қонунчилик доирасида амалга оширишига ундайди.

Фармон билан 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизимининг жорий этилиши эса мансаб ваколатларининг суиистеъмол қилинишининг олди олинишида аҳамиятга эга.  

Божхона органларида ҳам коррупция иллатининг барвақт олдини олиш, унга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан коррупцияга қарши кураш борасида 2021 йил январь-июнь ойлари давомида 26 маротаба нодавлат натижорат ташкилотлари, прокуратура, ДХХ ва бошқа ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлари масъул ходимлари ҳамда ходимларнинг оила-аъзолари иштирокида шахсий таркиб орасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва жиноятчиликни олдини олиш, порахўрлик, тамагирлик иллатларини келиб чиқишини олдини олиш бўйича профилактик йиғилишлар ўтказилди,  3 маротаба божхона ходимларининг яқин қариндошлари билан учрашувлар ташкил этилди, хизмат ва ижро интизомини бузишга мойиллиги бор ходимлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Бу каби амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг барчаси божхона ходимларининг ҳалол ва пок бўлиб, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажаришига замин яратади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, барча жисмоний ҳамда юридик шахслар, божхона соҳасига оид саволлари ҳамда мурожаатларини Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ёки Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасидаги 61 224-90-86 ишонч рақамларига қўнғироқ қилиб йўллашлари мумкин.

17.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг