Замонавий кўриниш касб этган янгича қиёфадаги “Янгийўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида энг аввало тадбиркорларга сифатли божхона хизматини кўрсатиш учун муносиб шарт-шароитлар яратилган
Дарҳақиқат, божхона соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг замирида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қулайликлар ва енгилликлар жорий қилиш асосий ўрин тутади.
Айниқса, божхона назорати соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор инновацион усулларнинг тадбиқ этилаётганлиги тадбиркорларнинг вақти ва ҳаражатларини тежашга хизмат қилмоқда.
Масалан, “Хавфларни бошқариш” ахборот тизимида товарларнинг турли йўлакларга таснифланган ҳолда расмийлаштирилиши тадбиркорларнинг ҳалоллиги ва қонунга итоаткорлигини янада рағбатлантиради.
“Яшил” йўлак орқали товарларини божхона кўригисиз расмийлаштирган тадбиркорнинг кейинги гал “қизил” йўлакка тушиб қолмаслик учун ҳаракат қилиши, табиий ҳол.
2020 йил 1 январдан бошлаб ишга туширилган “Ягона дарча” божхона ахборот тизими ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш жараёнида нафақат божхона соҳаси, балки фитосанитария, санитар-эпидемиологик, ветеринария, экологик назорат органлари ва сертификатлаш органлари фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлди.
Содда қилиб айтганда, энди тадбиркорлар ўз идораларидан чиқмасдан туриб, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни интернет тармоғидаги www.singlewindow.uz сайти орқали олиб келмоқдалар.
Жорий йилнинг дастлабки ярмида “Янгийўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида расмийлаштирилган товар ва транспорт воситалари ортидан давлат бюджетига салкам 141 млрд. сўмлик божхона тўловлари ундирилди.
Постда расмийлаштирилган божхона юк декларацияларининг 83,8 фоизи “Хавфларни бошқариш” тизимида “яшил” ва “сариқ” йўлакларга йўналтирилганлиги товарларни божхона кўригисиз, қисқа муддатларда расмийлаштириш имконини бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, пост орқали тадбиркорларнинг хорижга чиқарилаётган товарларини экспортга расмийлаштириш кўлами ҳам тобора кўпайиб бормоқда.
Масалан, ҳисобот даврида ушбу пост ходимлари 4,9 мингга яқин экспорт божхона декларацияларини расмийлаштиришди. Бунда ҳар бир декларация расмийлаштирувига ўртача 1 соат вақт сарфланмоқда.
16.07.2021