Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасида Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди
3975
15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция доирасида юртимизга ташриф буюрган Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири, делегация раҳбари Акилбек Жапаров билан Давлат божхона қўмитасида учрашув бўлиб ўтди.
Давлат божхона қўмитасида Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида юритилаётган очиқ ташқи сиёсат доирасида қўшни мамлакатлар билан дўстлик, конструктив ва ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорлик янги поғонага кўтарилди.

Хусусан, иккала мамлакат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси йилдан йилга ўсиб бормоқда. Қирғизистон билан чегарада жойлашган қатор божхона постлари фаолиятининг қайта йўлга қўйилгани эса минтақа халқларининг қўшничилик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлади.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг жорий йил 11-12 март кунлари  юртимизга амалга оширган давлат ташрифи иккала мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур ташриф доирасида иккала давлат божхона хизмати раҳбарлари божхона статистикасида ўзаро мувофиқликни таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжатни имзолашди.

Ҳозирда иккала мамлакат божхона тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашда 15 дан ортиқ халқаро шартномалар мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб, хизмат қилмоқда.

Меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик божхона соҳасида, хусусан, ўзаро ахборотлар алмашинуви, божхона статистикаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш каби қатор йўналишларда тобора кенгайиб бораётганлигини қайд этди.

Учрашувда жорий йилнинг март ойидан бошлаб, иккала томон ўзаро олдиндан ахборот алмашинуви бўйича ахборот тизимини ишга туширгани, қирғиз божхоначиларининг “рақамли божхона” тамойили асосида Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга қаратилган хизмат сафарлари муваффақиятли амалга оширилгани ҳамда ўзбек-қирғиз чегарасида жойлашган “Фарғона” чегара-божхона постидаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари алоҳида эътироф этилди.

Йил охирига қадар мазкур мамлакат билан чегарада жойлашган “Дўстлик” ва “Ўзбекистон” чегара-божхона постларидаги реконструкция ишлари ҳам якунига етказилади. Натижада, мазкур постлар ҳам божхона назоратининг энг сўнгги замонавий техник воситалари ва сканер қурилмалари билан таъминланади. Бу эса ушбу постларнинг ўтказувчанлигини оширади ва транспорт воситалари ҳаракатининг тезлашувига ҳисса қўшади.

Ўз ўрнида Қирғиз Республикаси делегацияси раҳбари Акилбек Жапаров ҳам самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, божхона соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамиша тайёр эканлигини, бу иккала мамлакат ҳалқлари ўртасидаги дўстлик ва бизнес ривожида муҳим аҳамият касб этишини маълум қилди.

Айниқса, божхона соҳасига замонавий ахборот технологиялари ва илғор инновацион технологияларини жорий қилиш, чегара-божхона постлари инфраструктурасини мустаҳкамлаш ва логистика марказлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолаб, буни ҳар томонлама ўрганиш ва Қирғизистонда ҳам тадбиқ қилиш истагини билдирди.

Шу мақсадда Ўзбекистон божхонасининг профессионал мутахассисларини ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашишлари учун Қирғизистонга юбориш масаласи билан мурожаат қилди.

Давлат божхона қўмитаси Раиси мазкур таклифларни мамнуният билан қабул қилиб, бу борада ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар Давлат божхона қўмитасининг Ситуацион маркази фаолият билан яқиндан танишишди.

16.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг