Учрашувни Самарқанд вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А. Ахлимирзаев олиб борди.
Учрашувда ЖИБ Самарқанд вилояти суди, вилоят прокуратураси, вилоят ИИБ Тергов бошқармаси, вилоят солиқ бошқармаси, адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Савдо-саноат палатаси бошқармаси масъул ходимлари иштирок этишди.
Ўқув-семинар машғулотини бошқарма бошлиғи ўринбосари А.Ахлимирзаев очиб, қабул қилинаётган янги норматив ҳуқуқий хужжатларнинг мазмун-моҳиятини етказиш, хужжатлардаги нормаларнинг тўғри қўлланилиши борасида маълумот алмашиниш ва маълумотларни ўз вақтида етказиш муҳим аҳамият касб этиши нуқтаи назаридан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳамда идоралар билан ҳамкорликда ташвиқот ишлари олиб борилиши ўз навбатида фаолият самарадорлигининг ошишига ижобий таъсир кўрсатиши борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.08.2018 йилдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли қарори бўйича ЖИБ Самарқанд вилояти суди судьяси Ш.Шарипов ўзининг маърузасида, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговни олиб боришда амалиётда олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Қарорга биноан суриштирув, тергов органлари ва судларнинг эътибори исбот қилиш жараёнида далилларнинг мақбуллиги тўғрисидаги масалани тўғри ҳал этиш муҳим ўрин тутиши белгилаб ўтилган. Шу боис, далил тегишли субъект томонидан, яъни далилни олиш билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатни ўтказишга ваколатли мансабдор шахс томонидан олинган бўлиши;
фактга оид маълумотлар фақат ЖПК 81-моддасининг иккинчи қисмида қайд этилган манбалардан олинган бўлиши;
далил уни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга оид қоидалар ва тартибга риоя этилган ҳолда олинган бўлиши;
далилни олишда тергов ва суд ҳаракати жараёни ва натижаларининг қайд этилишига доир қонуннинг барча талабларига амал қилинган бўлиши шарт.
Кун тартиби бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.08.2018 йилдаги 617-сонли Қарори билан тасдиқланган “Берилган божхона имтиёзларидан мақсадли фойдаланилишини камерал назорат қилиш бўйича Ўзбекистон республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг ўзаро ҳамкорлиги механизми тўғрисида”ги Низом бўйича Самарқанд вилояти Давлат Солиқ бошқармасининг камерал назорат бўлими ходимлари Ў.Бўтаев ва Ж.Шодмоновлар ўзларининг маърузалари билан чиқиш қилишди.
Маърузачилар ўзларининг чиқишларида божхона ва солиқ органлари томонидан ушбу Низомни ишлаб чиқиб амалиётга жорий қилишдан кўзланган асосий мақсадларга тўхталиб, бу борада божхона органлари томонидан солиқ органларига бериб бориладиган маълумотлар, солиқ органлари ушбу маълумотлардан фойдаланиб амалга ошириши лозим бўлган ишлар механизми айтиб ўтилди.
Семинар иштирокчилари томонидан маърузачиларга меъёрий хужжатлар талаблари ва соҳага доир саволлар берилиб, маърузачилар томонидан берилган саволларга жавоб берилди.
Ўқув-семинарни бошқарма бошлиғи А.Ахлимирзаев якунлаб, ходимларга Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.08.2018 йилдаги 24-сонли қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 03.08.2018 йилдаги 617-сонли Қарори билан тасдиқланган Низом ҳамда Бош прокурорининг 06.06.2018 йилдаги Б-55-сонли буйруғи билан тасдиқланган вақтинчалик Низом талабларига сўзсиз амал қилиш, улардаги нормаларни амалиётда тўғри қўлланилишини таъминлаш юзасидан топшириқ ҳамда кўрсатмалар берди.
Самарқанд вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
19.10.2018