Шунинг учун ҳам божхона органлари томонидан экспорт ва импорт операциялари қисқа фурсатларда самарали амалга оширилиб, юртимиз ташқи савдо айланмаси ҳажмининг ортиши йўлида ҳам қатор чора-тадбирлар бажарилмоқда.
Биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мисолида қарасак, жорий йилнинг биринчи ярми давомида давлат бюджетига божхона тўловларидан 154 млрд. 102 млн. сўм миқдоридаги пул маблағи ўтказилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 38,8 фоизга ошган.
Ҳудуднинг ташқи савдо айланмаси ўтган даврда 318,5 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 32,2 фоизга кўпайган.
Бугун республикамизда экспортни рағбатлантириш, импортни оптималлаштириш борасида амалга оширилаётган оқилона сиёсат натижасида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси орқали ташқи ва ички бозорларга йўналтирилган жами товарларнинг 71,4 фоизи экспорт божхона режимига расмийлаштирилган бўлса, 28,6 фоиз маҳсулотлар мамлакатимиз ҳудудида эркин муомалага чиқарилган.
Ҳудуднинг экспортбоп маҳсулотлари ҳисобланувчи пластмассадан ясалган буюмлар (полиэтилен), ип-калава, фармацевтика, кимё-саноати маҳсулотлари, тирик ҳайвонлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари асосан Хитой, Туркия, Россия, Қозоғистон, Латвия ва Украина бозорларига йўналтирилган.
Импорт товарларнинг асосий бўлаги Россия, Хитой, Қозоғистон, Швеция, Корея, Туркия, Германия давлатларидан олиб келинган дастгоҳ ва асбоб-ускуналар, кимё-саноати, озиқ-овқат, нефть ва нефть маҳсулотлари ҳамда ёғоч ва тахта маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.
Бугун мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз фаолиятларини янада кенгайтиришлари учун шароит яратиш мақсадида имтиёзлар қўлланилиб келмоқда. Бу эса ўз ўрнида тадбиркорлик субъектларининг божхона тўловларидан тежалган маблағларини маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириб, янги иш ўринлари яратилишига замин яратмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан тегишли қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида тадбиркорлик субъектларига жорий йил бошидан божхона тўловларидан 89,6 млрд. сўм миқдорида имтиёз ва преференциялар тақдим этилган.
Хавфни бошқариш тизими асосида бошқармага қарашли ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан ҳисобот даврига олинган январь-май ойлари давомида жами 10 772 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилган бўлиб, йўлаклар бўйича таҳлил қилинганда, 7 228 та (67%) “яшил”, 2 600 та (24%) - “сариқ” ва 944 та (9%) “қизил” йўлак орқали расмийлаштирилган.
Божхоначилар томонидан 2021 йилнинг январь-июнь ойлари давомида божхона соҳасига оид қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлик 196 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 2,83 млрд. сўмлик товар–моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинди. Шундан, жами 4 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Контрабанда ашёларининг ноқонуний ҳаракатининг олдини олиш борасида гиёҳвандлик моддалардан 102,35 гр. опий, 5,2 гр. “марихуана”, 1 туп “каннабис”, 1,83 гр. гиёҳвандлик ўсимлиги уруғи ва 999 таблетка “Трамадол” номли гиёҳвандлик воситаси, кучли таъсир қилувчи 12 флакон “Тропикамид” ва 13 капсула “Регапен” дори воситалари, 52 дона психотроп моддалар аниқланган.
13.07.2021