Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли қарори муҳокамасига бағишланди.
Ўқув-семинар машғулотида вилоят жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди судьяси Э.Олмосов ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси Ф.Бойтўраевлар иштирок этишди.
Мавзу юзасидан сўзга чиққанлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли қарори тергов-суд амалиётида айрим муаммолар келиб чиқаётгани муносабати билан ишлаб чиқилганлигини, мазкур қарор билан судларнинг эътибори шахснинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда белгиланган тартибда исботлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши ҳақидаги Конституцияда мустаҳкамланган айбсизлик презумпциясига қатъий риоя этиш зарурлигига қаратилганлигини, ҳар бир иш бўйича иш юритувда жиноят-процессуал қонуни нормаларига қатъий амал қилиш шартлиги тўғрисидаги Жиноят-процессуал кодексининг 11-моддасида (қонунийлик) белгиланган талабларга суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд томонидан қатъий риоя этиш муҳим аҳамият касб этишини йиғилганлар эътиборига етказди.
Шунингдек, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонун нормаларини аниқ бажариш ва унга риоя этишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра, юз берганлигидан қатъий назар, шу йўл билан олинган далилларнинг номақбул (яроқсиз) деб топилишига олиб келади.
Ўз навбатида, номақбул далиллар юридик кучга эга бўлмай, улардан Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган ҳолатларни исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмас. Шу муносабат билан Пленум қарори исбот қилиш жараёнида далилларнинг мақбуллиги тўғрисидаги масалани тўғри ҳал этиш муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Ўқув-семинар машғулоти давомида бошқарма ходимлари қарор юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга суд ва ички ишлар органлари ходимларидан атрофлича жавоблар олишди.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
19.10.2018