Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Наманганда коррупцияга қарши курашишга оид янги қабул қилинган қонун ҳужжатлар тарғиботига бағишланган семинар бўлиб ўтди
1522
Наманган вилоят божхона бошқармасида вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш йўналишида янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарғиботига бағишланган ўқув-семинари ўтказилди.
Наманганда коррупцияга қарши курашишга оид янги қабул қилинган қонун ҳужжатлар тарғиботига бағишланган семинар бўлиб ўтди

Семинарда Наманган вилояти божхона бошқармасининг шахсий таркиби, вилоят Адлия бошқармасининг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда бошқарма бошлиғи ўринбосари И.Жалолов кун тартибидаги мавзу юзасидан сўзга чиқиб, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш йўналишида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида гапириб ўтди.

Шунингдек. бошқарманинг Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими бошлиғи Х.Турдибоев, вилоят Адлия бошқармаси масъул ходимлари Н.Ядигарова ва Ш.Тўрамирзаевлар сўзга чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5177 Қарори ҳамда “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257 Фармони мазмун-моҳияти тўғрисида гапириб ўтишди.

Давлатимиз раҳбари томонидан янги қабул қилинган Қарорга асосан:

  • 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши
    50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилади;
  • 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақолпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, юқоридаги Фармонга мувофиқ:

  • Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилади;
  • 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади.

Тадбир савол-жавобларга бой бўлиб, тадбир иштирокчилари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди.

Наманган вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

13.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг