Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“YouTube” интернет тармоғида тарқатилган видеолавҳа бўйича Давлат божхона қўмитасининг муносабати
6187
Жорий йилнинг 10 июль куни “YouTube” интернет тармоғида фуқаро А.Р. томонидан Навоий вилояти божхона бошқармасининг “Навоий аэропорти” божхона пости фаолияти билан боғлиқ тарқатилган видеолавҳа юзасидан Давлат божхона қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.

Навоий вилоятида фаолият кўрсатувчи “Fight Night Express” МЧЖ куръерлик фирмаси номига 2021 йил 3 июль куни Туркия давлатидан олиб келинган, 1 460 кг оғирликдаги, қиймати 5 794 АҚШ долларини ташкил этувчи  куръерлик жўнатмалари 8 июль куни Навоий вилояти божхона бошқармасининг “Навоий аэропорти” божхона постига ушбу фирма раҳбари А.Ш. томонидан божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган.

Тақдим этилган декларацияда, ушбу 1 460 кг вазндаги куръерлик жўнатмалари 64 та фуқаро номига ўз эҳтиёжлари учун юборилган шахсий буюмлар сифатида кўрсатилган.

Мазкур курьерлик жўнатмалари шу куннинг ўзида белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, божхона ходимлари томонидан жўнатмалар орасида тижорат мақсади учун мўлжалланган товарлар мавжудлиги аниқланган ҳамда тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари ҳисобланиб, жўнатмалар вақтинча сақловга олинган.

8 июль куни кечки соат 21-00 лар чамасида “Fight Night Express” МЧЖ куръерлик фирмаси раҳбари А.Ш. бошчилигида тўрт нафар фуқаролар “Навоий” халқаро аэропорти юк терминали биносига келиб, тунги навбатчиликни ўтаётган божхона ходимларини турли ҳақоратомуз сўзлар билан ҳақорат қилишган ва гўёки ходимларни хизмат вақтида спиртли ичимликлар истеъмол қилишда айблаган.

Ушбу жараён, “Fight Night Express” МЧЖ куръерлик фирмаси раҳбари А.Ш.нинг онаси А.Р. томонидан видеотасвирга олинган.

Божхона ходимлари томонидан уларга қонуний тушунтиришлар берилганлигига қарамасдан, аслида тижорат юки деб топилган ва божхона тўловлари тўланмаган товарларни “шахсий эҳтиёжлар учун олиб келинган” деган важ билан қайтариб берилиши талаб қилинган.

Мазкур ҳолатда пост бошлиғи ҳам воқеа жойига етиб келиб, фуқароларга юзага келган вазият бўйича қонуний тушунтиришлар берган.

Ушбу фуқаролар томонидан республикамизга олиб кирилган товарлар бўйича божхона органларида мавжуд маълумотлар таҳлил қилинганида, жорий йилнинг 6 ойи давомида фуқаро А.Р. номига 28 та партияда 936 кг аёллар ва болалар кийим-кечаклари, фуқаро М.А. номига 20 та партияда 824 кг аёллар пойабзали, уй-рўзғор буюмлари ҳамда фуқаро А.Ш. номига 17 та партияда 663 кг вазндаги болалар кийим-кечаклари ва уй-рўзғор буюмлари келганлиги маълум бўлди. Кўриниб турибдики, ушбу шахслар номига муттасил равишда хориждан куръерлик жўнатмалари юборилган. Бу эса жўнатмалардаги товарлар шахсий эҳтиёж учун эмас балки, тижорат мақсади учун мўлжалланганлигини англатади.

Ҳолат юзасидан қўшимча равишда олиб борилган ўрганишлар натижасида, “Fight Night Express” МЧЖ куръерлик фирмаси вакилларидан иборат гуруҳ томонидан Навоий шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Севарабону” МЧЖда ишлаётган, илгари ишлаган ва ишлаш учун мурожаат қилган фуқароларнинг паспорт маълумотлари алдов йўли билан қўлга киритилиб, улардан ноқонуний равишда фойдаланилган ҳолда тижорат мақсадига мўлжалланган товарларни 26,6 млн. сўмлик божхона тўловларини тўламаслик учун шахсий эхтиёж учун мўлжалланган курьерлик жўнатмаси ниқоби остида расмийлаштиришга бўлган уринишлари фош этилди.

Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ нотижорат мақсадларда шахсий эҳтиёжлар учун мўлжалланган, қиймати 1 000 (бир минг) АҚШ доллари миқдоридаги курьерлик жўнатмаларини бир календарь чорак давомида божхона тўловлари тўламасдан республикага олиб келиш имконияти яратилган. Бироқ, айрим шахслар томонидан яратиб берилган бу каби имкониятлардан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда.

Хусусан, Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан юқоридаги каби қонунбузарликларни фош этилиши натижасида 2020 йилда давлат бюджетига 9 млрд. сўмдан ортиқ, жорий йилнинг ўтган даврида эса 7 млрд. сўмдан ортиқ божхона тўловлари ундирилган бўлса, товар-моддий бойликларни ноқонуний олиб ўтишга уринишлар билан боғлиқ 2 та ҳолатда жиноий, 217 та ҳолатда маъмурий иш материаллари юритилиб, 3 млрд. сўмдан ортиқ товарлар давлат даромадига ўтказилган.

Юқоридаги ҳолатда ҳам “Fight Night Express” МЧЖ куръерлик фирмаси вакиллари белгиланган божхона тўловларини тўламаслик мақсадида ўзгаларнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланган ҳолда аслида тижорат учун мўлжалланган товарларни нотижорат ниқоби остида олиб ўтиш ҳамда божхона органлари ходимларини ҳақорат қилиш, уларни обрўсига путур етказиш ва қонуний талабларига бўйсунмаслик каби қонунга зид ҳаракатларни амалга оширганлар.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан ушбу ҳолатга алоқадор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўриш юзасидан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

11.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг