Сўнгги 1 ойда янги технологик асбоб-укуналар учун 3.3 трлн. сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган янги технологик асбоб-ускуналар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2021 йил 4 июндаги 352-сон қарори саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ва инвестициялар ҳажмини ошириш ҳамда импорт қилинаётган технологик асбоб-ускуналар учун божхона имтиёзлари бериш механизмини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхати тасдиқланди.
Ушбу рўйхат тасдиқлангунга қадар Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг 2020 йил 27 октябрдаги 58-сонли баёни асосида имтиёзлар “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар” Рўйхатидаги (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 20 мартда 2436 рақам билан рўйхатдан ўтказилган қарор) технологик ускуналарга татбиқ этиб келинган эди.
Янги қарорда қуйидаги товарларга ҳам имтиёзлар назарда тутилмоқда:
- - Виночилик, мева шарбатларини тайёрлаш учун ускуналар (ТИФ ТН позицияси 8435);
- - Балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик ҳамда қишлоқ хўжалиги учун ускуналар (ТИФ ТН позицияси 8436);
- - Металл қуйиш учун қолиплар (ТИФ ТН позицияси 8480);
- - Ҳисоблаш машиналари қурилмалари (ТИФ ТН позицияси 8517);
- - Йўловчи ва юк ташиш учун самолётлар (ТИФ ТН позицияси 8802).
Шунингдек, янгидан тасдиқланган технологик асбоб-ускуналар рўйхатидан қуйидаги товарлар чиқариб ташланди:
- - Нефть ва газ учун қувурлар (ТИФ ТН позицияси 7304);
- - Чўян қуйишдаги марказий истиш қозонлари (ТИФ ТН позицияси 8403);
- - Саноат кондиционерлари (ТИФ ТН позицияси 8415);
- - Бульдозерлар, грейдерлар, экскаваторлар (ТИФ ТН позицияси 8429);
- - 30 киши ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган автобуслар (ТИФ ТН позицияси 8702).
Мазкур қарор қабул қилинганидан бугунги кунга қадар 1141 та хўжалик субъекти томонидан импорт қилинган 588 млн. АҚШ долларлик технологик ускуналарга 3,3 трлн. сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар тақдим этилди.