Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жиззахда чегара олди ҳудудлари аҳолиси билан учрашувлар давом этмоқда
2423
Тинчлик ва осойишталикни таъминлаш масаласи Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши ҳисобланади.
Жиззахда чегара олди ҳудудлари аҳолиси билан  учрашувлар давом этмоқда

Бу улуғ неъматни таъминлайдиган асосий омиллардан бири, шубҳасиз, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳисобланади.

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг вазифалари санаб ўтилган бўлиб, улар шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш, бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига айланиш хавфини камайтиришдан иборатдир.

Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан ташкил этилаётган профилактик тадбирлар ҳам айни шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Яқинда “Учтўрғон” чегара божхона пости ходимларининг Янгиобод тумани  “Ҳавотоғ”  қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашуви ҳам божхонага доир қонун-қоидаларни яқиндан етказишга қаратилди. Зотан, божхона чегараси орқали товар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш тартиблари бу ерда истиқомат қилувчи юртдошларимиз учун ҳам бирдек муҳим ҳисобланади.

Тадбир аввалида “Учтўрғон” чегара божхона пости бошлиғи вазифасини бажарувчи Д.Нишонов ушбу чегара божхона постининг очилиши ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги яқин муносабатларнинг янги саҳифасини очиб берганлигини таъкидлади.

Боиси, халқларимиз ўртасидаги яқин қариндошлик, қуда-андачилик муносабатлари тарихий илдизларга эга бўлиб, ҳозир ҳам бу алоқалар бардавомдир. Айни пайтда иккала мамлакат фуқароларининг узоқ манзиллари яқин бўлди.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор-ки, бу давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларга бориб тақалади. Чегаралардаги туб ўзгаришлар эса айни шу муносабатларда ҳам янги марраларга эришиш имконини бермоқда.

Тадбир давомида “Учтўғон” чегара божхона пости бошлиғи вазифасини бажарувчи Д.Нишонов ҳамда пост катта инспектори С.Урозов йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар рақобатдошлигини таъминлаш ва экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 15 декабрдаги ПФ-5286-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига давлатнинг ижтимоий тузумига, ҳудудий бутунлигига, сиёсий мустақиллиги ва давлат суверенитетига дахл қилувчи, урушни, терроризмни, зўравонликни,  диний ва ирқий қарама-қаршиликни тарғиб қилувчи, шунингдек порнографик материаллар (нашрлар, қўлёзмалар, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, видео ва аудиоёзувлар ҳамда бошқа материллар)ни олиб кириш тақиқланиши,  Вазирлар Махкамасининг               2018 йил 22 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сонли қарори билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари  ҳақида батафсил тушунча берди ва ушбу қарорга жорий йилнинг 16 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг 828-сон қарори билан ўзгартириш киритилганлигини таъкидлади.

Киритилган ўзгартиришга асосан 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникалари эндиликда фақат 6 ой давомида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтган тақдирдагина фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкинлигини белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, маиший техника товарларидан бошқа турдаги товарларни ҳар бир номдагисидан 2 кг.гача фақат 1 ой ичида 1 маротаба олиб ўтиш рухсат этилади. Аммо, мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги керак.

Шуни таъкидлаш жоизки, товарларни божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдорий нормалари жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини чегара ўтказиш пунктидан белгиланган даврда биринчи марта ўтишида қўлланилади. Бунда божхоначилар чегара хизматлари органлари томонидан жисмоний шахснинг паспортига қўйиладиган белгидаги санага асосланади.

Шунингдек, учрашувда божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, бундай турдаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш юзасидан божхона ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам ахборотлар бериб ўтилди.

Учрашув якунида иштирокчиларнинг ўзларини қизиқтирган саволларига божхоначилар томонидан аниқ жавоблар қайтарилди.

Шунингдек, божхонага доир ечимини кутаётган муаммоли масалалар, божхона соҳасига оид мурожаатлари бўлса Давлат божхона қўмитасининг 11-08 “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиш мумкинлиги яна бир бора эслатиб ўтилди.

Хулоса шуки, бу каби профилактик тадбирларнинг сони ҳам, савияси ҳам ошиб борар экан, аҳоли ўртасида божхонага доир ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши эҳтимоли ҳам шунчалик камайиб боради.

 Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

19.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг