Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўз ўрнида яратилаётган қулайликлардан унумли фойдаланиб, маҳсулот ишлаб чиқариш, янги иш ўринларини яратиш ва энг асосийси дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлиш мақсадида бор куч-ғайратларини ишга солиб меҳнат қилишмоқда.
Ислоҳотлар самарасини биргина Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан амалга оширилган ишларнинг рақамлардаги ифодасида ҳам кўришимиз мумкин, яъни 2021 йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида, бошқарма томонидан 12 410 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.
Вилоятда экспорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми 176,8 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Экспорт товарларининг асосий қисмини тўқимачилик маҳсулотлари, калава ип, мева-сабзавот маҳсулотлари, тери маҳсулотлари, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари ҳамда бошқа саноат маҳсулотлари ташкил этди.
2021 йил январь-июнь ойлари мобайнида Наманган вилоятидан товарлар 37 та давлатларга экспорт қилинган бўлиб, экспортнинг катта улуши Россия, Хитой, Қирғизистон, Туркия, Қозоғистон, Польша, Украина, Португалия, Тожикистон ва Миср мамлакатларига тўғри келади.
Импорт қилинган маҳсулотлар орасида энг катта улуш технологик асбоб-ускуналари 38,2 фоизни, тўқимачилик маҳсулотлари 9 фоизни, ёғоч маҳсулотлари 7 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари 6,5 фоизни ҳамда кимё саноати маҳсулотлари 6,3 фоизни ташкил қилган.
Шунингдек, 2021 йил январь-июнь ойларида Наманган вилояти 52 давлатлардан товарлар ва хизматлар импорти амалга оширилган.
Бошқарма томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 523,3 млрд. сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 229 млрд. сўм қисмига божхона тўловларидан имтиёзлар берилди ҳамда давлат бюджетига 294,3 млрд. сўм ундирилди.
Божхона органлари томонидан яширин иқтисодиётга қарши кураш, хусусан, юртимизга товарларни ноқонуний олиб киришга уриниш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам бериш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бошқарма томонидан 2021 йилнинг 6 ойи давомида жами 327 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 17 млрд. 124,4 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинган.
Қисқача айтганда, божхона органлари томонидан олиб борилаётган бу каби саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад республика иқтисодиётини янада ривожлантириш ва бу орқали халқимиз ҳаётини янада фаровон қилишга қаратилгандир.
7.07.2021