Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупция – мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллатдир
1475
Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.

Коррупция (лот. Corrumpere — бузмоқ) термини одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади. Кўп ҳолларда бу атама сиёсий элитадаги бюрократик аппаратга қарата ишлатилади. Коррупция кўплаб давлатларнинг жиноят ва маъмурий қонунчилиги билан ҳуқуққа қарши ҳаракат сифатида таъқиб қилинади.

Макроиқтисодий ва сиёсий-иқтисодий тадқиқотлар, коррупция — давлатларнинг иқтисодий ўсиши ва ривожланишига улкан тўсиқ эканлигини кўрсатди. Юртбошимиз Ш.Мирзиёев ўзининг “Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз ” асарида коррупциянинг Ўзбекистоннинг ўз тараққиёти йўлида ривожланишига улкан тўсиқ бўлиши мумкинлигини баён қилган эди.

Коррупциянинг тарихий ўзаклари жуда қадимга бориб тақалиб, бу ҳол қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ўша даврларда бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинган. Бироқ давлат аппаратининг мураккаблашуви ва марказийлашуви коррупциянинг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди. Коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида қадимги Шумер давлати тан олинади. Қадимги давлатларни айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солганлиги бизгача сақланиб қолган манбалардан маълум. Чунки бу ҳолат давлатнинг обрўсига жуда қаттиқ путур етказарди.

Халқимиз “Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, айрим кимсалар халқ ризқи ҳисобланувчи божхона тизимида ҳам божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаб, ўзларининг нопок ишларига божхона ходимларини ҳам шерик қилишга уринмоқдалар.

Шу билан бирга, ушбу иллатга қарши курашишда божхона органлари томонидан ахборот тизимлари, интерактив хизматлар йўлга қўйилди. Бу эса ўз навбатида, божхона расмийлаштируви ва назоратини инсон омилисиз автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали бошқариш орқали тадбиркорлик субъектларига  кўплаб енгилликлар яратмоқда.

Тизимда коррупцияга қарши кураш йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг барчаси божхона тизимини назорат қилувчи орган сифатида эмас, аксинча тадбиркорнинг яқин ҳамкори сифатида янги имижда намоён бўлишга хизмат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, агарда ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ва фуқароларда божхона соҳасига оид муаммо ҳамда саволлар юзага келган тақдирда, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда Навоий вилояти божхона бошқармасининг (79) 223-08-65 рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишлари мумкин.

 Навоий вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

7.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг