Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумга мувофиқ аҳолининг божхона органлари фаолиятига нисбатан муносабати, соҳада коррупцияга қарши курашиш, шаффофлик ва очиқликни таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати юзасидан божхона постлари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли орасида сўровномалар ўтказиш ва натижаларини таҳлил қилиб бориш йўлга қўйилган.
Бу эса тизимда коррупцияга қарши курашиш йўналишида кўрилаётган чора-тадбирлар нечоғлиқ самарали ташкил этилаётганлигини ҳар томонлама объектив баҳолаш, шунингдек, истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган ишларни аниқлаб олиш имконини бермоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 33 маротаба сўровномалар ўтказилган бўлиб, ушбу сўровномаларда 4 мингга яқин иштирокчилар қатнашди.
Сўровнома натижаларига кўра, чегара ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида хизмат олиб бораётган ходимлар томонидан жисмоний шахслар ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кўрсатилаётган божхона хизматларини янада такомиллаштириш бўйича зарурий чора тадбирлар белгиланди.
Бу каби ўтказилаётган сўровномалар ўз навбатида, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш, божхона органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, ҳар қандай коррупция аломатларининг олдини олиш, мазкур йўналишдаги ҳуқуқбузарлик профилактикасига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, коррупция — жамият тараққиёти учун жуда хавфли жиноят бўлиб, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқ орасида давлатга нисбатан ишончсизликни кучайтиради. Бу иллат давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, мамлакатнинг барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солади. Адолат қарор топган демократик фуқаролик жамиятида яшамоғимиз учун нафақат давлат идораларида фаолият юритаётган ходимлар ва раҳбарлар, балки, ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз, коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз эканлигини англашимиз, унинг олдини олиш, йўқ қилиш, унга нисбатан муросасиз бўлишда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз зарур.
Бу эса фуқароларимизнинг коррупцияга, шунингдек, ҳар қандай қонунбузарликка қарши ҳаракат қилиши ва унга нисбатан муросасизлик кайфияти, ҳуқуқий онги ва маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ.
Зеро, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик, жиноятнинг содир этилишига, уларнинг кўпайишига ва барҳам берилмаслигига ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиши мумкин. Барчанинг коррупцияга қарши курашиш йўлида бир мақсад сари бирлашиб, ҳаракат қилиши, давлатимиз тақдирига бефарқ қарамаслиги ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг барҳам топишига хизмат қилади.
Шу ўринда, божхона соҳасида коррупцион ҳаракатлар содир этилганлигининг гувоҳи бўлганингизда, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш муҳим вазифа эканлигини инобатга олиб, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли “Ишонч телефони” орқали куннинг исталган вақтида мурожаат этишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
М.Юлдашев,
Коррупцияга қарши курашиш ва ўз
хавфсизлик бошқармаси ходими
5.07.2021