Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ташқи савдони тарифли тартибга солишда товарнинг келиб чиқиш сертификатини қўллашнинг аҳамияти
2358
Жаҳон хўжалигининг тобора глобаллашиб бориш жараёнлари негизини мамлактлар ўртасидаги ўзаро иқтисодий муносабатлар таъминламоқда. Бугунги кунда халқаро иқтисодий муносабатларга киришмай туриб ҳеч бир мамлакат мукаммал ривожлана олмайди. Ушбу муносабатлар турли даражада ривожланган давлатларнинг иқтисодиётини барқарор ривожлантиришда ҳал қилувчи ахамият касб этмоқда.

Сўнги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.

Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган “Бизнес юритиш — 2020” ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.

Бугунки кунда ташқи савдони тезлаштириш хорижий валюта тушумини  ошишига, давлат бюджетининг фискал вазифаси бажарилишига, аҳолини иш билан бандлик даражасини оширишга, хорижий ҳамкорлар билан яхши шерикчилик тамоили асосида бизнес юритишга ижобий таъсир кўрсатади.

Маълумки Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 300-моддасига мувофиқ Тариф преференциялари божхона божларини тўлашдан озод этиш, божхона божлари ставкаларини камайтириш ёки муайян давлатларда ишлаб чиқарилган товарларни божхона ҳудудига преференциал олиб кириш ёки ушбу ҳудуддан преференциал олиб чиқишда квоталар белгилаш тарзида берилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки Ўзбекистон Республикаси эркин савдо режимини белгилаган давлатларда ишлаб чиқарилган ва ушбу давлатлардан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга нисбатан божхона божлари қўлланилмайди.

Шу билан бирга бож тарифи билан белгиланган ставкалар миқдоридаги божхона божлари Ўзбекистон Республикаси савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режимини қўллаётган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан, товарни жўнатувчи ва экспорт қилувчи мамлакатдан қатъи назар қўлланилади.

Тариф преференцияларини қўллаш импорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиш мамлакати сертификати асосида амалга оширилади.

Яратилган кенг имкониятларга қарамай айрим қонунбузарлар томонидан тариф преференцияларини қўллаш орқали божхона тўловларини тўламаслик мақсадида товарнинг келиб чиқиш сертификатини қалбакилаштириш ҳолатлари учрамоқда.

Шунингдек, товарнинг келиб чиқиш сертификатига қуйилган минимал талаблар ҳам бажарилмаслик ҳолатлари оқибатида юк кузатув ҳужжатларидаги маълумотлар ўзаро номувофиқ бўлиши натижасида тадбиркорлик субъектларига ҳам қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Шу ўринда божхона ходимлари томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида товарнинг келиб чиқиш мамлакати сертификатини хаққонийлигини текшириш алохида аҳамият касб этади.

Мисол учун: Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган товарларга берилган келиб чиқиш сертификатини ҳаққонийлигини https://verification.tpprf.ru сайти орқали текшириб, маълумотлар мос келганда божхона расмийлаштирувини амалга ошириш мумкин.

Шунингдек, Германия Федератив Республикасининг https://cert.ihk.de сайти, Эрон Ислом Республикасининг http://сhambertrust.ir/co сайти, Грузиянинг www.rs.ge сайти, БААнинг www.abudhabichamber.ae ва www.dubaichamber.com сайтларидан ҳам фойдаланган ҳолда товарнинг келиб чиқиш сертификатларининг ҳаққонийлигини текшириш мумкин.

Бошқа мамлакатларнинг товарнинг келиб чиқиш сертификатини текшириш борасидаги муаммоларни ҳал қилишда қатор давлатлар билан электрон хужжат алмашинувни тартибга солиш орқали маълумотларни интеграция қилиш, Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали кириб келган товарларни божхона расмийлаштирувини янада тезлаштириш орқали  Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинадиган “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистоннинг ўрнини янада юқорига кўтарилишига хизмат қилади.

Ф.Мустафаев
Бухоро вилояти божхона бошқармаси “Когон” ТИФ
божхона пости катта инспектори,
 божхона хизмти капитани

2.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг