Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат герби муқаддас тимсол
2919
Мустақиллигимизнинг илк кунларидан бошлаб, истиқлол шарофати туфайли ҳар куни, ҳар дақиқа «миллий қадриятлар», «миллий тимсоллар», «миллий рамзлар», «миллий онг», «миллий ғурур», «миллий ифтихор», «давлат тили» каби атамаларни эшитиш бахтига муяссар бўлдик. Зотан, истиқлолни мазкур тушунчаларсиз тасаввур этиб бўлмаслигига иймон ҳосил қилишга эришдик.

Булар ўз навбатида Ватанга бўлган муҳаббатимиз юксалишига, халқнинг ишонч ва эътиқоди ошишига, миллий истиқлол мафкураси шаклланишига, адолат, ҳақиқат, эркинлик ва мустақиллик ғояларида юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлигини таъминлаш самарадорлиги ошишига хизмат қилади. Миллати, тили ва динидан қатъий назар, ҳар бир фуқаро тийнатида она-Ватанга садоқат билан бирга, мустақиллик ғояларига ишонч ва ўзаро ҳурмат туйғусини қарор топтиради. Иймонини мустаҳкамлайди. Хавф-таҳдидлар, ички ва ташқи хавфларга қарши курашишда жипслик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга хизмат қилади.

Келажак эгалари - ёш авлодни маънавий қадриятлар руҳида тарбиялаш, фикр ва дунёқарашини кенгайтириш, халқимизнинг ва давлатчилигимизнинг бой тарихи, буюк алломалар ва саркардаларимизнинг доно ўгитларини қадрлашни таъминлайди. Уларни ҳар томонлама етук, комил, садоқатли, ватанпарвар, юрт тинчлиги ва равнақи йўлида жувонмард, мард ва ботир фарзандлар қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Бунда давлат рамзларининг алоҳида ўрни бор. Давлат рамзлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-5-моддаларидаги «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир» ва «Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари - байроғи, герби ва мадҳиясига эга», деган нормалар билан мустаҳкамланган. Давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.

Мустақил юртимизнинг расмий белгилари - Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи, герби, мадҳияси ва Давлат тили мамлакатимиз тараққиёти, жамият ривожи ва халқ фаровонлиги йўлида маънавиятнинг энг муҳим тимсоллари сифатида муносиб хизмат қилиб келмоқда. Шу боис, байроғимиз ёки гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда жўшқинлик,  қўшимча куч-ғайрат, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк келажакка ишонч туйғусини ҳис қилишимиз шубҳасиз.

Шу рамз-у тимсоллардан бири - Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербидир. Давлат герби жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллиги ва суверенитетининг асоси сифатида 1992 йил 2 июлда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида»ги қонун билан тасдиқланди. Шу каби конституционал қонунлар асосида давлат ва миллат рамзларининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди.

Шу кун мамлакатимизда расмий байрам сифатида кенг нишонланади. Республика миқёсида давлат аҳамиятидаги маънавий-маърифий ва илмий-амалий, бадиий тадбирлар ўтказилади.

Мазмун-моҳият жиҳатидан катта маънони англатувчи, юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган ҳар бир элементида бутун халқимизнинг теран инсоний қарашлари, асрий орзу-истаклари, бағрикенглиги, ғайрат-шижоати, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган давлатимиз герби сайёрамиздаги давлат рамзлари орасида алоҳида эҳтиромга сазовордир.

Давлат герби Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги 616-XII-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг мазмун-моҳияти қуйидагича таърифланади: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи - қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «O‘zbekiston» деб ёзиб қўйилган. Ҳумо қуши ва дарёлар - кумуш рангда; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «O‘zbekiston» ёзуви - олтин рангда; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий - яшил рангда; чаноқлардаги пахта - оқ рангда; лента
 - Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак - олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар - оқ рангида тасвирланган.

Давлат гербини давлат органларининг биноларида, хизмат хоналарида, қонун ҳужжатлари бланкаларида, давлат органлари ва ташкилотларнинг муҳрлари ва ҳужжат бланкаларида, бошқа объект ва предметларда акс эттириш қатъий тартиб билан белгиланди.

Давлат гербини Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметларда, ўқув-тарбия жараёнида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкинлиги назарда тутилди.

Давлат гербинининг элементлари нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмаслиги, унинг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилиши, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ўхшаш бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалар белгиланди.

Давлат гербидан фойдаланиш давлат чегараларида хизмат ўтаётган божхона хизмати идоралари ва ҳамкор идоралар фаолиятида ҳам белгиланган қатъий тартиб асосида назорат қилинади.

Таъкидлаш жоизки, божхона хизмати органларининг фарқлаш белгиси ҳам давлат герби асносида божхона органларининг расмий рамзидир.

Фарқлаш белгиси Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг дунёнинг барча давлатлари билан савдо муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашни англатади.

Божхона органлари фарқлаш белгисининг тасвири ҳам божхона тизимининг ўқув-тарбиявий жараёнларида ишлатилиши, божхона органлари тизимида мукофотлар элементи сифатида фойдаланилиши, божхона органларига тегишли эканлигини белгилаб берилиши мақсадида буюмларда жойлаштирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида божхона органларининг фарқлаш белгисининг тасвиридан пештахта, бланка, ҳисоб рақамлари, ва бошқа ҳужжатларда, эълонлар ва рекламаларда, товарлар ва уларнинг ўрамида, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан тижорат фаолиятини амалга оширишда божхона органларининг номларига ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланиш таъқиқланади.

Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг белгиси ва атрибутида божхона органларининг фарқлаш белгисига ўхшаш элементларнинг бўлишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, божхона органлари ходимлари Давлат герби сингари божхона хизмати органлари фарқлаш белгисини ҳам ҳурмат қилишлари шартлиги белгилаб қўйилган.

Бундай чекловлар давлатимиз рамзларидан айрим хусусий, тор доирадаги манфаатларни қондириш, турли товарларни (ишлар, хизматлар) реализация қилиш воситаси сифатида фойдаланиш каби нохуш ҳолатларнинг олдини олишга ҳамда давлат рамзларига нисбатан ҳурмат ва эътиборнинг ортишига хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, республикамиз дунёда халқаро ҳамжамиятнинг тенглар ичра тенг аъзоси эканлигини англатадиган, ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштирган давлат гербимизни эъзозлаш фуқароларда ўз қадр-қимматига, ўз мамлакатига ва шахсига бўлган ишончни, ҳаётий позициясини янада мустаҳкамлайди.

Давлатимиз герби тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсоли сифатида қолади.

Ўзбек давлатчилиги тарихида герб ўзининг тарихий ривожига эга. «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига ҳам 29 йил тўлди. Бу муҳим воқеа герб, давлат ва халқ бирлигини намоён этиб, ўз эркига эга бўлган халққа миллий ғурур бағишлайди.

Герб халқимизнинг миллий характери, донишмандлиги, дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган халқимизнинг буюклигини, тинчликсеварлиги ва эрксеварлигини ўзида акс эттиради. Шу сабаб, уни сақлаш ва асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.

Чунки, гербимизнинг тасвиридаги  ғоялар ҳаёти биз учун катта ибрат илму урфонда ном қозонган улуғ алломаю донишмандлар, дунё тамаддунида маърифат ва маънавият сарчашмаларини очган бобокалонларимиз, ватанимиз равнақи йўлида жонларини фидо қилган, хизмат қилган, ўз мардлиги ва қаҳрамонликлари билан ном қозонган Широқ, Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди ва Амир Темурдек саркардаю, раҳнамолар, эрк озодлик учун қурбон бўлган бобо-момларимиз, оталаримиз, оналаримизнинг беқиёс хизматлари билан уйғунлашган.

Шундай экан, давлат гербини ўз эрки ва ор-номуси рамзидек қабул қилиш комил ва жувонмард инсонларгигина хос. Шу боис, ҳамиша муқаддас саналган Давлат рамзларини асрашни мард ва жасур кишиларга ишонишган.

Шундан келиб чиқиб, ҳар биримиз эришган мустақиллигимизнинг боқийлигини таъминлаш, мазкур байрамни кенг нишонлаш, мамлакатимизни ҳар жиҳатдан хавфсизлигини таъминлаш йўлида юқорида номалари зикр этилган боболаримизга муносиб бўлиш, уларни издошлари сифатида беминнат хизмат қилишга бел боғлашимиз лозим.

Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифи давомида бириктирилган туманларда божхона хизмати органларининг ишчи гуруҳлари томонидан қатор амалий-ташкилий тадбирлар олиб борилмоқда.

Чиноз туманидаги 55 та маҳаллаларда “хонадонбай” юритилиб, 25 375 та хонадонларда 10 321 та хонадонда муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Жумладан:3538 та ичимлик суви, 1173 та электр энергияси, 606 та банк-кредит, 556 та бандлик, 447 та уй-жойга муҳтожлар, 397 та соғлиқни сақлаш, 298 та моддий ёрдам муҳтож, 295 та табиий газ, 346 та уй - жой таъмирига муҳтож, ўта оғир шароитдагилар, 258 та ҳуқуқий маслаҳатга муҳтожлар, 213 та ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтожлар, 119 та кадастр, 54 та паспорт масаласида, 40 та мактабгача ва халқ таълими масаласида, 27 та тадбиркорлик масаласида ва1954 та бошқа муаммоли масалаларга тўғри келади.

Амалга оширилган ташкилий чора-тадбирлар натижасида жорий йил 1 июль ҳолатига мазкур аниқланган 10 321 та муаммодан 6 192 таси ёки 60 фоизга яқининг тўлиқ ҳал этилиши таъминланди.

Жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш, моддий ва психологик ёрдам кўрсатиш ташкил этилди. Биргина Чиноз туманида истиқомат қилувчи 130 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, уларнинг мавжуд муаммоларига ҳуқуқий ечимлар топилди.

Шунингдек, ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашда ҳуқуқий, услубий ва амалий ёрдам кўрсатилиб, нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда.

Келгусида туманда фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва муаммоларига ҳуқуқий жиҳатдан ечим топишга кўмаклашиш ишлари давом эттирилади.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳар Учтепа туманида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 10 нафар фуқароларнинг 4 нафарига амалдаги тартиб-таомиллар, мавжуд имтиёз ва қулайликлар тўғрисида батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Қолган 6 нафарининг муаммолари тадбиркорликни юритиш учун ер майдони ажратишга оид бўлиб, мазкур масалалар бўйича Учтепа тумани ҳокимлиги мутасаддиларига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаат қилинди.

2 июль - Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қабул қилинганлиги куни байрами муносабати билан Давлат божхона қўмитасининг Чиноз туманига бириктирилган ишчи гуруҳи томонидан туманда бир кунлик хайрия ҳашари ўтказилади. Ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож фуқароларнинг муаммоларига ечим топиш, уларга амалий ёрдамлар бериш юзасидан учрашувлар ўтказилади.

Ҳабибулла Ғаниевич Азизов
Давлат божхона қўмитаси раиси маслаҳатчиси,
божхона хизмати полковниги

2.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг