Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон – Россия I ҳудудлараро ҳамкорлик форуми: божхона соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
2243
Хабарингиз бор, бугун Тошкентдаги "Халқаро савдо маркази"да Ўзбекистон – Россия I ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўз ишини бошлади. Ўзбекистон-Россия ишбилармонлар кенгаши мажлиси доирасида икки мамлакатнинг инвестициявий ва иқтисодий имкониятлари ҳақида тақдимотлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон – Россия I ҳудудлараро ҳамкорлик форуми:  божхона соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди

Форумда Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Жасур Арипов “Ўзбекистонда бож-тариф ва нотариф бошқарувнинг ўзига хос жиҳатлари, божхона тартиботларини соддалаштириш” мавзусидаги кўргазмали маърузаси билан иштирок қилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, 11 минг 293 товарлар номенклатураси бўйича божхона божи ставкалари тасдиқланган. Импорт товарлар учун божхон божининг ўртача арифметик ставкаси 6,45 % ни ташкил қилади. Бу борада акциз солиғининг ўртача арифметик ставкаси эса 0,46 % ни ташкил қилмоқда.

Йиғилганларда республикамизда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун жорий қилинган божхона имтиёзлари алоҳида қизиқиш уйғотди. Божхона имтиёзлари асосида республикамизга товарлари импорт қилинаётган хорижий давлатлар рўйхатида Россия етакчи давлатлардан ҳисобланади.

Хусусан ушбу мамлакат ёғоч материалларини импорт қилишда 1-ўринни, авто эҳтиёт қисмлар импортида 2-ўринни, қурилиш материаллари импортида 3-ўринни, дори воситалари импортида 4-ўринни ва технологик ускуналар импортида 5-ўринни эгаллаган. Ўзбекистондан Россияга экспорт қилинаётган товарлар таркибида табиий газ, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда.

Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Россия Федерациясининг Федерал божхона хизмати ўртасида 2016 йилда имзоланган “Соддалаштирилган божхона йўлаги” тўғрисидаги Битим муҳим рол ўйнамоқда.

Битимга мувофиқ, иккала мамлакат юкларига нисбатан агар божхона қонунчилигини бузиш хатари аниқланмаган бўлса, божхоначилар томонидан давлат чегарасидан олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона кўриги амалга оширилмайди.

Божхона кўриги зарур бўлган тақдирда у имкон қадар қисқа муддатларда амалга оширилади. Божхона тартиботлари жадаллаштирилган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, Битимда яна бир қатор афзаллик ва енгилликлар назарда тутилган.

2018 йилнинг 9 ойи давомида республикамиздан 174 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Россия Федерациясига соддалаштирилган божхона йўлаги орқали экспорт қилинган.

Форум давомида иштирокчиларнинг мавзуга доир саволларига Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Ж.Арипов томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

 

18.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг