Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Интеграциялашган тариф” – божхонага доир барча ахборотлар ягона манзилда!
1801
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 16 октябрь куни “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 829-сон қарор қабул қилинди.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3818-сон қарори ижросини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш амалий қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва республиканинг эксопрт салоҳиятини ошириш мақсадида қабул қилингани билан аҳамиятлидир.

Қарор билан “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматининг ахборотни ўз вақтида янгилаб бориш ва унинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича технология йўриқнома, ваколатли вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан киритиладиган ва “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати доирасида тақдим этиладиган ахборотлар рўйхати тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати базасига ахборотнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда киритилиши ҳамда уларнинг ишончлилигини таъминлаш учун ваколатли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарлик юкланди.

“Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати доирасидаги ахборотлар реал вақт режимида Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайти орқали тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматининг ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда узлуксиз ишлашини таъминлайди.

“Интеграциялашган тариф” интерактив хизматининг ахборотини ўз вақтида янгилаб бориш ва унинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича технологик йўриқномага кўра, “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматининг ахборот базасини шакллантириш бўйича манфаатдор ваколатли органлар билан ҳамкорлик маълумотларни узатиш телекоммуникация тармоғи орқали амалга оширилади.

“Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати диорасида 10 дан ортиқ ваколатли органлар томонидан 22 турдаги ахборотлар киритиб борилади. Давлат божхона қўмитаси томонидан эса ҳар бир товарга нисбатан қўлланиладиган ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси кодлари, божхона тўловлари ставкалари ҳамда божхона чегараси орқали товар ва транспорт воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича тақиқлар ва чекловлар тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

Мазкур хизмат товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи барча норматив ҳужжатлар, товарларнинг божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборотни, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул асосда олиш имконини беради.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилганда давлат органларига «Интеграциялашган тариф» интерактив хизматида назарда тутилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш ман этилади.

Айни пайтда мазкур хизмат www.tarif.customs.uz доменида ўз фаолиятини бошлади.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

18.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг