Божхона органларида ҳам бу борада доимий равишда тезкор чора-тадбирлар амалга оширилиб, гиёҳванд воситаларининг юртимизга турли қинғир йўллар орқали кириб келинишининг олди олинмоқда.
Рақамларга кўра, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идора вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 239 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида 130 кг.дан зиёд оғирликдаги гиёҳвандлик воситаларнининг ноқонуний айланмасига ўз вақтида чек қўйилган.
Айтиш керак, божхона соҳасидаги ислоҳотлар, қолаверса, чегара божхона постларида янги замонавий техника ва технологияларни жорий этиш билан ўз самарасини бермоқда. Яъни, инсон тана аъзоларини сканерловчи ускуна - “боди-сканер”, темир йўл вагонларини сканер қилувчи махсус инспекцион-кўрик мажмуалари орқали жуда кўплаб гиёҳвандлик воситаларининг юртимизга ноқонуний кириб келишига чек қўйилмоқда.
Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара-божхона постида “боди-сканер” қурилмаси кўмагида пост орқали ҳаракатланган фуқароларнинг организмида 47 дона скотчланган ўрамлар борлиги аниқланиб, очиб кўрилганида уларнинг ичига 423 граммдан ортиқ оғирликдаги “опий” ҳамда 17 дона оқ рангли таблеткалар жойлангани маълум бўлган.
Шунингдек, “Сариосиё” темир йўл чегара-божхона постида ҳам қўшни давлатдан юртимизга кириб, транзит тарзида ҳаракатланган юк поезди инспекцион кўрик мажмуаси орқали божхона кўригидан ўтказилганида, вагонларда қарийб 172,5 кг. оғирликдаги гиёҳванд воситалари яшириб қўйилганлиги аниқланган.
Божхона ходимлари гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш борасидаги чора-тадбирларни изчиллик билан давом эттиришмоқда.
26.06.2021