Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сифати кафолатланмаган товарларнинг юртимизга ноқонуний олиб кирилишига қарши кураш олиб борилмоқда
2900
Бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда бизнес муҳитини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шу қаторда аҳоли саломатлигини асраш, халқимизни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш юзасидан давлатимиз томонидан кўплаб саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 августдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4812-сон қарорига асосан сифатсиз, сертификатланмаган ва қалбаки, шу жумладан Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Евроосиё Иқтисодий Иттифоқида (ЕОИИ) хавфли маҳсулотлар ҳақида тезкор хабар бериш ахборот тизимларига киритилган, ЕИ ва ЕОИИ мамлакатларига олиб кириш тақиқланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганлиги ва олиб кирилаётганлиги тўғрисидаги ахборот тизими жорий этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Давлат божхона қўмитасига вазифа юклатилган.

Топшириқ ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ўртасида хавфли деб топилган маҳсулотлар ҳақида (ЕИ ва ЕОИИ мамлакатларига киритилиши тақиқланган хавфли маҳсулотлар) тезкор хабар бериш бўйича маълумотларни алмашиш тўғрисида битим имзоланган. Мазкур битимга мувофиқ “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ишлаб чиқилган control.standart.uz махсус ахборот тизими Давлат божхона қўмитасининг автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилинди ва ДБҚнинг “Ягона дарча” БАТнинг хавфларни таҳлил қилиш рукнида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ишлаб чиқилган хорижий мамлакатларда хавфли деб топилган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни олиш имконияти жорий этилган.

Бу орқали бугунги кунда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан сифатсиз деб топилган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотлар хат билан юбориш амалиёти бекор қилинган ва назорат электрон тарзда амалга оширилмоқда.

Мазкур тизимдаги (http://control.standart.uz/) рўйхатга бугунги кунда 1187 та номдаги сифатсиз, сертификатланмаган ва қалбаки, шу жумладан ЕИ ва Евроосиё Иқтисодий Иттифоқида хавфли ва сифатсиз деб топилган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд.

Ушбу ахборот тизимига киритилган маҳсулотлар божхона органлари томонидан “эркин муомалага чиқариш” (импорт) божхона режимига расмийлаштирилиши реал вақт режимида инсон омилисиз назорат қилувчи электрон мантиқий назорат ўрнатилган.

Ўтган давр мобайнида, хориж давлатларида сифатсиз топилган ва рўйхатга киритилган “Jolin” маркали гугуртни Сурхондарё вилоятида (9480 қути) ҳамда “Dusel” маркали “светодиод чироқлари”ни Тошкент шаҳрида (62 850 дона) эркин муомалага чиқаришга тақиқ қўйилиб, республикамиз ҳудудига сифатсиз товарлар кириб келиши олди олинди.

Шу билан бирга, сўнгги йиллар давомида божхона органлари томонидан республикамиз ҳудудига товарларнинг ҳеч қандай хавфсизлигини таъминловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмасдан, айланма йўллар билан республикамиз ҳудудига олиб кирилиши ҳолатлари бўйича ҳам доимий равишда назорат олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижасини таъминлаш мақсадида сифати кафолатланмаган товарларни республикамизга олиб кирилмаслигини таъминлаш мақсадида доимий тарзда тегишли чора-тадбирлар олиб борилиши ташкиллаштирилган.

А.Маҳмудов
ДБҚ катта инспектор-эксперти

 

25.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг