Давлат бюджетига валюта тушумини таъминлашда ва ички бозоримизни зарур маҳсулотлар билан тўлдиришда мамлакат ташқи савдо айланмасининг ҳажми муҳим аҳамият касб этади.
Экспорт ва импорт операцияларининг қисқа фурсатларда самарали амалга оширилиши йўлида божхона органлари томонидан ҳам қатор чора-тадбирлар бажарилмоқда.
Биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мисолида қарасак, жорий йил бошидан ўтган 5 ой давомида давлат бюджетига божхона тўловларидан 128 млрд. 856 млн. сўм миқдоридаги пул маблағи ўтказилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 60 фоизга ошган.
Ҳудуднинг ташқи савдо айланмаси ҳисобот даврида 269 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 38 фоизга кўпайган.
Бугун республикамизда экспортни рағбатлантириш, импортни оптималлаштириш борасида амалга оширилаётган оқилона сиёсат натижасида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси орқали ташқи ва ички бозорларга йўналтирилган жами товарларнинг 71 фоизи экспорт божхона режимига расмийлаштирилган бўлса, 29 фоиз маҳсулотлар мамлакатимиз ҳудудида эркин муомалага чиқарилган.
Ҳудуднинг экспортбоп маҳсулотлари ҳисобланувчи пластмассадан ясалган буюмлар (полиэтилен), ип-калава, фармацевтика, кимё-саноати маҳсулотлари, тирик ҳайвонлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари асосан Хитой, Туркия, Россия, Латвия ва Қозоғистон бозорларига йўналтирилган.
Импорт товарларнинг асосий қисми Хитой, Россия, Қозоғистон, Швеция, Вьетнам давлатларидан олиб келинган дастгоҳ ва асбоб-ускуналар, кимё-саноати, озиқ-овқат, нефть ва нефть маҳсулотлари ҳамда ёғоч ва тахта маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.
Бугун мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз фаолиятларини янада кенгайтиришлари учун шароит яратиш мақсадида имтиёзлар тақдим этиш услуби жорий этилган. Бу эса ўз ўрнида тадбиркорлик субъектларининг божхона тўловларидан тежалган маблағларини маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириб, янги иш ўринлари яратилишига замин яратмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан тегишли қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида тадбиркорлик субъектларига жорий йил бошидан божхона тўловларидан 68,5 млрд. сўм миқдорида имтиёз ва преференциялар тақдим этилган.
Хавфни бошқариш тизими асосида бошқармага қарашли ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан жорий йилнинг январь-май ойлари давомида жами 9 083 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилган бўлиб, йўлаклар бўйича таҳлил қилинганда, 6 328 та (70%)“яшил”,2 020 та (22%) - “сариқ” ва 735 та (8%) “қизил” йўлак орқали расмийлаштирилган.
Экспорт ва импортга йўналтирилган юкларнинг атиги 8 фоизига божхона назорати шаклларининг татбиқ этилиш ва қолган 92 фоиз товарларнинг соддалаштирилган божхона назоратидан ўтказилиши божхона органлари фаолиятида “рақамли божхона” тамойили асосида жорий этилаётган ахборот дастур ва интерактив хизматлар самарадорлигининг яққол намунасидир.
Қорақалпоғистонлик сергак божхоначилар томонидан 2021 йилнинг январь-май ой лари давомида божхона соҳасига оид қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлик 167 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 1,8 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинди. Шундан, жами 4 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Контрабанда ашёларининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйиш борасида гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ 102,35 гр. “опий”, 5,2 гр. “марихуанна”, 1 туп “каннабис”, 1.83 гр. гиёҳвандлик ўсимлик уруғи ва 999 таблетка “Трамадол” номли гиёҳвандлик воситалари, 12 флакон “Тропикамид” ва 13 капсула “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи воситалар, шунингдек, 52 дона психотроп таблеткалар аниқланди.
Шунингдек, 6 дона ўқ-дори, 16 дона гильзалар, 1,2 кг дробларнинг ноқонуний тарзда божхона чегаралари орқали кириб келиши ва ноқонуний айланмада бўлишининг олди олинди.
Эришилаётган кўрсаткич ва натижалар божхона тизимининг ислоҳ этилиши ва соҳага илғор ахборот тизимларининг жорий қилиниши натижасида, “рақамли божхона” сари ташланаётган дадил қадамлар самараси, десак муболаға бўлмайди.
24.06.2021