Фаолияти мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлиги, унинг ташқи савдо айланмаси билан бевосита боғлиқ бўлган божхона соҳаси ходимларининг салоҳиятини доимий равишда ошириб бориш, назария ва амалиётда учраётган муаммоли вазиятларнинг ечими топиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси масъул ходимлари ва ташқи иқтисодий фаолият ҳамда чегара божхона постларида хизмат қилувчи ходимлардан ташкил топган ишчи гуруҳ иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият ва чегара божхона постларида хизмат қилаётган ходимларнинг билим савиясини ошириш ва амалий кўникмаларини бойитиш, уларнинг ДБҚ Ахборот тизимлари дастурларида яратилган имкониятлардан самарали фойдаланишларини таъминлаш бўйича ўқув-амалий дарслари ўтказилди.
Ўқув дарси давомида божхона постларида божхона назорати ва расмийлаштирув жараёнида юзага келаётган хато ва камчиликлар, амалиётга жорий этилиши кутилаётган меъёрий ҳужжатлар ва уларни жорий этишдан кўзланган мақсад, ишлаб чиқилаётган янги ААТ дастурлари, уларнинг афзалликлари юзасидан тушунчалар берилиб, ходимларни қизиқтирган масалалар юзасидан берилган саволларига жавоб қайтарилди.
Тизим самарадорлигини янада ошириш, “рақамли божхона” тамойилларига тўлақонли ўтиш учун божхона пости ходимларининг фикр-мулоҳаза ва таклифлари тингланди.
24.06.2021