Ҳар биримиз унинг ҳалокатларию оқибатларини яхши биламиз. Гиёҳванд моддаларни етиштириш, сотиш, етказиб бериш, сақлаш, воситачилик қилиш сингари ҳар қандай қилмиш жиноят экани, бундай ишга қўлга урганлар қонун олдида жавоб бериши ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Аммо, негадир бу иллат ҳам, у билан боғлиқ жиноятлар ҳам таг-туги билан йўқолиб кетмаётгани ачинарлидир. Ҳар йили гиёҳванд моддалар билан боғлиқ минглаб жиноятлар фош этилади, қанчадан-қанча жиноятчилар жавобгарликка тортилади, тонналаб наркотик моддалар йўқ қилинади. Шу билан бирга, бу офат ҳар йили қанчадан-қанча инсонларнинг умрига зомин бўлади, не-не оилаларни пароканда қилади...
Гиёҳвандликка қарши курашни кучайтириш мақсадида Жиззах вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва БҚБга қарши курашиш бўлими Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Жиззах шаҳрида тезкор тадбир ўтказди.
Фуқаро Т.В. жами 10 дона кичкина ўрамларда бўлган, ўзига хос ўткир ҳидли, кукунсимон, оқ-сарғиш рангли, ташқи кўринишидан “героин” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш моддаларни сотиб олиши учун намуна сифатида фуқаро Д.Н.га берган. Фуқаро Д.Н. эса шу куннинг ўзида ушбу моддаларни тадбир иштирокчиларига тақдим қилади.
Жиззах вилояти ИИБ ЭКБнинг хулосасига кўра, ушбу модда “Героин” гиёҳвандлик моддаси эканлиги ҳамда унинг соф оғирлиги 50 гр.дан ортиқроқ эканлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро Д.Н. кўрсатмасига биноан Т.В. вақтинчалик яшаётган Жиззах шаҳридаги меҳмонхоналарнинг бири холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада фуқаро Т.В. шимининг чап чўнтагида жами 5 дона кичкина хажмдаги ўрамларда бўлган “героин” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш моддалар борлиги аниқланган.
Фуқаро Т.В.дан олинган моддалар ҳам тегишли хулосаларга асосан, “Героин” гиёҳвандлик моддаси эканлиги аниқланиб, унинг соф оғирлиги 24,88 гр.ни ташкил этиши маълум бўлди.
Иккала ҳолат юзасидан жами 75,2 гр “героин” гиёҳвандлик моддаси ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
18.10.2018